ЎзА Ўзбек

15.03.2019 16:58 Чоп этиш версияси

Чорак финалда “Барселона” – “МЮ” тўқнашуви ёхуд Гвардиола жамоаси финалгача каталонияликлар билан дуч келмайди

Чорак финалда “Барселона” – “МЮ” тўқнашуви ёхуд Гвардиола жамоаси финалгача каталонияликлар билан дуч келмайди

Бироз муқаддам Швейцариянинг Ньон шаҳрида клублар ўртасидаги энг нуфузли турнир – УЕФА Чемпионлар лигасининг чорак финал ўйинларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Тадбирнинг фахрий меҳмони сифатида Италиянинг “Интер” клуби сафида ушбу мусобақанинг ғолибига айланган бразилиялик дарвозабон Жулио Сезар иштирок этди.

Кўпчиликни қуръа жараёнида битта савол ўйлантирарди – Англия клублари бу босқичда бир-бирига рўбарў келиб қолишмайдими? Таассуфки, ярим финал йўлида иккита инглиз клуби, яъни “Манчестер Сити” ва “Тоттенхэм” дуч келди. Начора, “қуръанинг кўзи кўр”, деб шунга айтсалар керакда.

Ушбу босқичдаги марказий баҳс сифатида “Барселона” – “Манчестер Юнайтед” қарама-қаршилигини айтишимиз мумкин. Тўғри, бугунги “қизил иблислар” таркиб ва ўйин салоҳияти борасида каталонияликлардан анча ортда қолишмоқда. Бироқ, Сульшер шогирдларининг чорак финал йўлида кимсан “Пари Сен-Жермен” клубидан сенсацион тарзда устун келганлиги “МЮ”га бўлган ҳурматимизни оширади.

Чорак финалнинг қолган икки жуфтлиги қуйидагича кўриниш олди:

“Аякс” (голландия) – “Ювентус” (Италия)

“Ливерпуль” (Англия) – “Порту” (Португалия)

Ушбу босқичдаги дастлабки ўйинлар 9/10 апрель, жавоб учрашувлари эса 16/17 апрель кунлари ўтказилади.

Бугуннинг ўзида ярим финал жуфтликлари масаласига ҳам ойдинлик киритилди. Унга кўра “Тоттенхэм”/“Манчестер Сити” жуфтлиги ғолиби ярим финалда “Аякс”/“Ювентус” қарама-қаршилигида устун келган жамоа билан тўқнаш келса, “Барселона”/“Манчестер Юнайтед” баҳси ғолиби “Ливерпуль”/“Порту” жуфтлигида устун келган жамоа билан куч синашади.

Хуллас, айни пайтда ажойиб ўйин намойиш этаётган “Барселона” футболчилари финалга қадар ўзларининг собиқ бош мураббийи бошқараётган “Манчестер Сити” билан тўқнашмайди. Ярим финалнинг дастлабки ўйинлари эса 30 апрель/1 май кунлари, жавоб учрашувлари эса 7/8 май кунлари бўлиб ўтади.

Чемпионлар лигаси-2019нинг финал ўйини эса шу йилнинг 1 июнь санасида Мадриддаги “Ванда Метрополитано” стадионида ўтказилади.

Отабек Эшмаматов, ЎзА
3 060