ЎзА Ўзбек

01.05.2019 Чоп этиш версияси

Черан “Пахтакор”га иродали ғалабани тақдим этди

Черан “Пахтакор”га иродали ғалабани тақдим этди

Бугун Ўзбекистон суперлигасининг 7-тур ўйинларига старт берилди.

Турнинг илк учрашувида чемпионат пешқадами “Пахтакор” Бекободнинг “Металлург” жамоаси билан куч синашди.

Сир эмаски, сўнгги йилларда бу икки жамоа ўртасидаги ўйинлар шунчаки расмиятчилик учун ўтказилаётгандек тасаввур уйғонганди. Аммо бу сафар мухлислар майдонда ҳақиқий жанг кўришди. Бекободликлар бежизга етакчилар сафида юрмаганлигини амалда исботлашга ҳаракат қилди ва “шерлар”га муносиб рақобат тақдим этди.

Ўйинда ҳисобни ҳам айнан меҳмонлар очди. 12-дақиқада собиқ “пахтакор”чи Станислав Андреев бошлаган ҳужумни Исломбек Исоқжонов муваффақиятли якунлаб қўйди: “Пахтакор” – “Металлург” – 0:1.

DSC_7954-1848x1228.JPG

Аммо бекободлик футболчилар гол завқини туймай туриб ҳисоб тенглашди. Машарипов чап қанотдан жарима майдонига кириб борди ва тўпни жамоадоши Драган Черанга узатди. У эса дарвозани осонлик билан ишғол этиб, мувозанатни тиклади. Голдан руҳланган мезбонлар танаффусга қадар ҳисобда олдинга чиқиб олди. Бу сафар ҳам Черан ўзини кўрсатди, у ҳакам томонидан белгиланган 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга оширди. Мазкур гол билан ўйинга якуний нуқта қўйилди: “Пахтакор” – “Металлург” – 2:1.

Шу тариқа “шерлар” Осиё Чемпионлар лигасидаги муҳим ўйин олдидан ўз кайфиятини кўтариб олишди.

DSC_8019-1848x1228.JPG

Ўзбекистон суперлигаси-2019. 7-тур.

“Пахтакор” – “Металлург” – 2:1

Голлар: Драган Черан (13, 37-пен.) – Исломбек Исоқжонов (12).

Ўзбекистон суперлигасининг 7-тур ўйинлари 3-5 май кунлари давом эттирилади.

3 май, жума

18:20 “Қўқон-1912” – “Локомотив”

4 май, шанба

17:30 “Навбаҳор” – “Сўғдиёна”
19:45 “Бухоро” – “Насаф”

5 май, якшанба

17:20 “Андижон” – “Динамо”
17:30 АГМК – “Сурхон”
19:45 “Қизилқум” – “Бунёдкор”

DSC_8034 1.JPG

DSC_8047-1848x1228.JPG

DSC_8051-1848x1228.JPG

DSC_8071-1848x1228.JPG

6 111
О.Эшмаматов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА