ЎзА Ўзбек

22.10.2012 14:50 Чоп этиш версияси

Чемпионлик учун кураш қизғин

Футбол бўйича Ўзбекистон XXI миллий чемпионати олий лигасида чемпионлик учун кураш сўнгги тургача давом этмоқда. Кетма-кет тўрт карра чемпион бўлган “Бунёдкор” уч тур қолганида ўзидан икки очко ўзиб кетган “Пахтакор” жамоасини жиддий таъқиб қилмоқда.

“Пахтакор” Қарши шаҳрида ўтган 23-турнинг марказий учрашувида “Насаф” устидан 2:0 ҳисобида зафар қучди. Пойтахтликлар 50 очко билан пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлади. “Насаф” эса кумуш медаллар учун курашадиган бўлди.

Пойтахтда чемпионлик унвонини сақлаб қолиш учун курашаётган “Бунёдкор” ва олий лигада қолишга интилаётган “Навбаҳор” ўртасидаги кураш ҳам муросасиз бўлди. Мезбонларнинг сўнгги дақиқадаги ҳужумини самарали якунлаган Камолиддин Мурзоев “Бунёдкор”га муҳим уч очкони келтирди.

Самарқандда “Динамо” сўнгги поғонада турган “Андижон” дарвозасига жавобсиз учта тўп йўллади. “Олмалиқ” “Машъал”ни, “Металлург” “Шўртан”ни бир хил – 4:0 ҳисобида енгди.

Турдаги ягона дуранг натижа Фарғонада қайд этилди – “Нефтчи” ва “Локомотив” учрашуви 1:1 ҳисобида якунланди. “Бухоро” жамоаси “Қизилқум”дан 1:0 ҳисобида устун келди.


ЎзА, Зоҳир Тошхўжаев
9 614