Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2017 15:10 Чоп этиш версияси

Чемпион бўлишни мақсад қилган қиз

Чемпион бўлишни мақсад қилган қиз Тўққиз ёшли Афруза Сатторова ҳар куни эрталаб мактабга шошади. Дарсдан сўнг ўзи севган машғулот – бадиий гимнастика билан шуғулланади.

Спортга меҳр қўйган қизлар соғлом, руҳан тетик, иродаси мустаҳкам, келажакда ҳаётнинг турли синовларини енгиб ўтишга қодир бўлиб вояга етади. Қизларнинг спорт билан шуғулланиши нафақат саломатлигида, айни пайтда қадди-қомати тўғри шаклланишида, маънавий камолотида муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Қизим телевизорда бадиий гимнастикачиларимиз бажарган композицияларга, нозик ҳаракатлар ва чиройли қадам ташлашга ҳавас қилар, кўрган машқларини уйда ўзича такрорлаб юрарди, – дейди Афрузанинг онаси Зуҳра Эркабоева. – У олти ёшга кириши билан бадиий гимнастика тўгарагига олиб бордим. Илгари тез-тез шамоллаб, беҳол бўлиб юрар эди. Тўгаракка қатнай бошлаганидан кейин саломатлиги сезиларли даражада яхшиланди. Афруза кичкина бўлишига қарамай, ўз устида ишлаётганини кўриб, спортнинг болалар камолотида қанчалик муҳим ўрин тутишини яна бир бор англадим.

– Фарзандининг соғлом бўлиб улғайиши ҳар бир ота-онанинг мақсади, – дейди бадиий гимнастика бўйича мураббия Маъмура Тангриева. – Бу жараёнда болаларни ёшлигидан спортга ошно этиб тарбиялаш улар учун муҳим аҳамиятга эга. Бадиий гимнастикада жисмоний тарбия, спорт, мусиқа каби фарзанд тарбиясида муҳим аҳамият касб этадиган воситалар мужассам. Ушбу спорт тури қизларни эпчил ва нозик ҳаракат қилишга, қатъий кун тартибига, овқатланиш маданиятига ўргатади. Ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, қомат гўзаллигини таъминлашга хизмат қилади.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Garmoniya Elit” болалар-ўсмирлар спорт клубида икки юздан ортиқ қизга бадиий гимнастиканинг сир-асрорлари ўргатилади. Бу ерда улар вақтни мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. Клуб тарбияланувчиларининг гимнастикага бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида турли кўрик-танловлар, мусобақалар, концертлар ўтказилади.

Мамлакатимизда болалар спортини, айниқса, спортнинг қизларга мос турларини жадал ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида бадиий гимнастика тобора оммалашмоқда. Бу имкониятдан самарали фойдаланиб, ўз малака ва маҳоратини ошираётган ёшлар турли нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришмоқда.

Шу ўринда “Garmoniya Elit” болалар-ўсмирлар спорт клуби тарбияланувчилари эришаётган муваффақиятларни таъкидлаш лозим. Мактаб тарбияланувчилари Муслима Каримова, Ясмина Мирзаёрова, Алика Дзюрич, Зарина Бадриддинова, Фозила Абдурасулова ва Баҳор Орифова Германия, Россия, Қозоғистон сингари қатор давлатларда ўтган халқаро турнирларда совринли ўринларни эгаллаган.

– Мен мамлакатимиз ва халқаро майдонлардаги мусобақаларда шоҳсупага кўтарилган гимнастикачилар билан бирга шуғулланаётганимдан хурсандман, – дейди Афруза Сатторова. – Машғулотлар давомида уларнинг ҳар бир харакатини кузатиб, машқларни улар каби бажаришга ҳаракат қиламан. Келажакдаги орзуим Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида ғолиб чиқиш ва Ўзбекистон байроғини баланд кўтариш. Бунинг учун бор имкониятимни ишга соламан.

Жавоҳир Тошхўжаев, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
1 494






Все о погоде - Pogoda.uz