ЎзА Ўзбек

03.05.2018 16:13 Чоп этиш версияси

Чемпионлар аниқланди

Тошкент денгизида 1999-2000 йилда туғилган ва ундан кичик бўлган спортчилар ўртасида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.

Мамлакат чемпионатида 300 нафарга яқин йигитлар ва қизлар 200, 500, 1000 метр масофаларга ўтказилган баҳсларда ғолиблик учун ўзаро рақобатлашди.

Мусобақанинг 200 метр масофага байдаркада эшкак эшиш баҳсларида Герман Арнольд ва Шаҳноза Мирзаева биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, каноэда ушбу масофада Ишқор Исломов ҳамда Санобар Бахтиёрова ғолиб бўлди.

500 метр масофага байдаркачилар баҳсида Александр Мишинов ва Дарья Мишинага тенг келадигани топилмади. Каноэчилар ўртасида Шоҳрух Темуров ва Илона Зобкова мамлакат чемпионига айланди.

Чемпионатнинг 1000 метр масофага ўтказилган пойгаларида Анвар Набиев ҳамда Дарья Мишина байдаркачилар ўртасида олтин медални қўлга киритди. Ушбу масофада Дмитрий Протопопов каноэчилар ўртасида тенгсизлигини яна бир бор исботлади.

Байдаркада эшкак эшиш бўйича 1 километр масофага жуфтликлар ўртасида Кирилл Синягин ва Абдулло Акромов тандеми ўғил болалар ўртасида ғолиб деб топилди. Қизлар ўртасида Дарья Мишина ва Зарина Исроилова шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Ж.Тошхўжаев, ЎзА
8 679