ЎзА Ўзбек

12.08.2019 Чоп этиш версияси

“Чарм тўп” мусобақасининг туман-шаҳар босқичи якунланди

“Чарм тўп” мусобақасининг туман-шаҳар босқичи якунланди

Маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилаётган анъанавий “Чарм тўп” футбол мусобақасининг Тошкент вилояти туман-шаҳар босқичи якунланди.

Ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, истеъдодли ёш спортчиларни аниқлаш мақсадида ташкил этилган мусобақанинг туман-шаҳар босқичларида маҳаллаларнинг 230 дан ортиқ жамоаси иштирок этди.

Пискент туманида ўтказилган беллашувларда мусобақанинг қуйи босқичида ғолибликни қўлга киритган ўнта жамоа ўзаро баҳслашди.

Қизғин ва муросасиз кечган ўйинлар финалида тумандаги Метан ва Саидобод маҳаллалари ёшлари майдонга тушди. Вилоят минтақавий финал босқичи йўлланмаси учун курашда метанлик ёшлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Жамоа 14 август куни мусобақанинг вилоят минтақавий босқичи ғолиблиги учун майдонга тушиб, Ангрен, Олмалиқ ва Оҳангарон шаҳри ҳамда Оҳангарон тумани маҳаллалари жамоалари билан куч синашади.

Бошқа туман ва шаҳарларда ғолибликни қўлга киритган жамоалар ҳам минтақавий гуруҳларга бўлиниб, мусобақанинг вилоят босқичи йўлланмаси учун тўп суради.

Беллашувлар 16 августга қадар давом этади ва ғолиблар вилоят босқичида қатнашади.

7 574
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА