ЎзА Ўзбек

13.08.2019 21:24 Чоп этиш версияси

“Чарм тўп-2019”: Республика босқичининг дастлабки иштирокчиси аниқланди

“Чарм тўп-2019”: Республика босқичининг дастлабки иштирокчиси аниқланди

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги йиғилиш баёнига асосан мамлакатимизда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган маҳалла ёшлари ўртасида “Чарм тўп” анъанавий футбол мусобақасини ўтказиш белгиланган эди. Шу кунларда мазкур мусобақанинг учинчи босқич мусобақалари ўтказилмоқда.

“Чарм тўп” мусобақалари жами тўрт босқичда ўтказилиши белгиланган бўлиб, айни пайтгача маҳалла ва туман босқичлари якунига етган. Шу кунларда барча ҳудудларда мазкур мусобақанинг учинчи, яъни шаҳар ва вилоят босқичлари қизғин давом этмоқда.

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ҳозирда жами 508та маҳалла мавжуд бўлиб, иккинчи босқичга улардан 118таси етиб келди.

photo5375305936819825587.jpg

Бугун ғолиби аниқланган шаҳар босқичида эса қуйидаги жамоалар ўзаро кураш олиб боришди: “Иқбол” (Бектемир тумани), Фурқат (Миробод тумани), Аҳмад Югнакий (Мирзо Улуғбек тумани), “Чил Тўғон” (Олмазор тумани), “Хонобод” (Сергели тумани), “Истироҳат” (Учтепа тумани), “Новза” (Чилонзор тумани), “Чорсу” (Шайхонтоҳур тумани), Юнус Ражабий (Яккасарой тумани), “Отчопар” (Юнусобод тумани), “Баркамол” (Яшнобод тумани).

Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра ярим финалга “Иқбол”, “Отчопар”, “Чил Тўғон” ҳамда “Новза” маҳаллалари жамоалари етиб келишди. Финал йўлланмаси учун кечган курашда “Иқбол” ва “Отчопар” маҳалласи ёшларига омад кулиб боқди ва улар финалда баҳс олиб борадиган бўлишди.

Олмазор туманидаги 2-сонли болалар ва ўсмирлар мактабида ташкил этилган финал ўйини ўз номига муносиб, шиддатли ва кескин курашларга бой тарзда кечди. Таркибининг асосий қисмини меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги жаҳон кубоги ғолиби бўлган ёшлар ташкил этган Юнусобод туманининг “Отчопар” маҳалласи жамоасига бироз тажриба камлиги панд берди. Негаки эндигина 18 ёшга қадам қўйган футболчи билан 25-30 ёшли футболчининг жисмоний кўрсаткичлари ҳам, майдонни кўра билиш қобилияти ҳам, фикрлаш доираси ҳам фарқ қилади. Хуллас, Жамшид Асадов жамоаси ҳарчанд уринмасин бу оқшом омад бектемирлик ёшлар томонида эди. 2-1 ва бош соврин ҳамда Республика босқичи йўлланмаси “Иқбол” маҳалласи жамоасига насиб этди.

photo5375323679329725292.jpg

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида 1-, 2- ва 3-ўрин соҳиблари олтин, кумуш ва бронза медаллари, дипломлар билан бир қаторда ташкилотчиларнинг эсдалик совғаларига сазовор бўлди. Шунингдек, “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши ҳимоячи”, “Энг яхши ҳужумчи”, “Энг яхши тўпурар” ҳамда “Намунали жамоа” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди.

Дарвоқе, “Иқбол” жамоаси “Чарм тўп” анъанавий футбол мусобақасининг якуний Республика босқичига чиққан дастлабки жамоага айланди.

photo5375323679329725293.jpg

photo5375323679329725294.jpg

photo5375323679329725295.jpg

photo5375568810293177492.jpg

О.ЭШМАМАТОВ, Ё.МЕЛИБОЕВ (сурат), ЎзА
6 321