ЎзА Ўзбек

07.08.2019 13:12 Чоп этиш версияси

Чарм тўп-2019: “Гулғунча” вилоят босқичига чиқди

Чарм тўп-2019: “Гулғунча” вилоят босқичига чиқди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатимиз миқёсида маҳаллаларнинг ҳаваскор футболчиларидан иборат жамоалар ўртасида “Чарм тўп” анъанавий республика турнири ўтказилмоқда.

Айни дамда, жойларда ана шу турнирнинг иккинчи босқичи байрамона тарзда ташкил этиляпти. Хусусан, Хоразм вилоятининг Сарапоён қишлоғидаги спорт мажмуасида Хонқа тумани босқичи ниҳоясига етди.

Финал учрашувида туманнинг “Гулғунча” ва “Дўрман” маҳаллаларининг жамоалари баҳс юритишди. Ишқибозларга кўплаб ҳаяжонли дақиқаларни улашган мазкур беллашувда “Гулғунча” жамоаси футболчилари 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, вилоят босқичи иштирокчисига айланди. Натижада, “Дўрман” маҳалласи 2-ўрин билан кифояланди. Фахрли 3-ўринни “Гулистон” маҳалласи жамоаси эгаллади.

Мусобақанинг ёпилиш маросимида ғолиб ва совриндор жамоалар, уларнинг футболчилари ташкилотчилар томонидан тақдирланишди.

ЎзА
617