Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2017 12:54 Чоп этиш версияси

Чаққонлик ва эпчиллик марафони

Чаққонлик ва эпчиллик марафони Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан енгил атлетика бўйича ташкил этилган “Саломатлик сари” республика оммавий югуриш марафони Сурхондарё вилоятида ҳам байрамона руҳда ўтказилди.

– Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Абдукарим Аҳмедов. – Мазкур марафон ҳам маҳалла фаоллари, корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ишчи-ходимларни, талаба-ёшларни спортнинг оммавий турларига жалб этиш орқали уларни турли касб касалликларидан муҳофаза қилишга, аҳоли кенг қатлами, айниқса, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спортга қизиқишини янада оширишга хизмат қилади.

Термиз шаҳрида бўлиб ўтган мусобақада маҳалла, ташкилот, корхона ва муассасаларнинг 2 мингга яқин ходими иштирок этди. Улар 18-30, 30-45, 45 ва ундан юқори ёш тоифасида ўзаро баҳслашди.

Ғолиблар тадбир ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

– Талабалигимда енгил атлетика билан махсус шуғулланардим, – дейди Термиз шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Озода Авлиёқулова. – Тенгдошларимга нисбатан жисмонан соғлом, чаққон ва тетик бўлиб юришимнинг боисини ёшликдан югуришни одат қилганимда, деб ўйлайман. Ўқувчиларимга ҳам спорт билан дўст тутинган инсон доимо соғлом бўлишини ҳаётий мисоллар орқали сўзлаб бераман. Ушбу мусобақада 45 ва ундан юқори ёш тоифасидаги аёллар ўртасида биринчи ўринни эгалладим.

Марафонда “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун”, “Энг ёш иштирокчи” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
4 983






Все о погоде - Pogoda.uz