Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.09.2018 17:49 Чоп этиш версияси

Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларидаги илк медаллар қўлга киритилди

Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларидаги илк медаллар қўлга киритилди
Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон спорт делегацияси 2018 йил 2-8 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасининг Чолпон ота шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида иштирок этмоқда. 

Жорий йилнинг 2 сентябрь куни “Бир руҳда – куч бирликда” шиори остида ўйинларнинг тантанали очилиш маросими ўтказилиб, унда дунёнинг 66 та давлатидан ташриф буюрган 1556 нафар спортчи иштирок этди.

III Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинлари очилиш маросимида иштирокчиларини Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков қутлади. Тадбирда Қозоғистон, Туркия, Татаристон Республикалари Президентлари, Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра амирлиги шаҳзодаси, Венгрия Бош вазири меҳмон сифатида иштирок этишди.

Ушбу ўйинларда 50 та спорт тури бўйича 500 дан ортиқ комплект медаллар жамланмаси ўйналади. Ўзбекистон 13 та спорт тури бўйича 58 нафар спортчи билан иштирок этмоқда.

img_5b76c3cf29f9e695883741.jpg

Бугун вакилларимиз алыш кураши (Қирғизистон кураши), Армрестлинг спорт турлари бўйича баҳсларга киришишди. Ўйнлардаги дастлабки ютуқлар кўлга киритилди, армрестлинг бўйича чап қўл баҳсларида 18 давлатдан ташриф буюрган 72 нафар иштирокчи орасида юртдошларимиз Дмитрий Докучаев (75 кг.), Қудратилло Ниязи (95 кг.), Фирдавс Гафуров (105 кг.) мусобақанинг бронза медалини қўлга киритишди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги 
матбуот хизмати

ЎзА