Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.09.2018 09:59 Чоп этиш версияси

Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинлари: иккинчи кунида саккизта медаль

Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинлари: иккинчи кунида саккизта медаль

Қирғизистон Республикасининг Чолпон-Ата шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларининг иккинчи кунида спортчиларимиз қозоқ кураши, паҳлавани (Эрон кураши), гореш (Туркманистон кураши) ва лочин ови ва тайганлар югуриши, мас-рестлинг бўйича баҳсларга киришгани ҳақида маълум қилган эдик.

Ўйинларда қозоқ кураши бўйича 20 та давлатдан 56 нафар спортчи иштирок этиб, муросасиз кечган баҳсларда юртдошларимиз Сарвар Икромов (-90 кг.) кумуш медални қўлга киритди. Гореш (Туркманистон кураши) бўйича бўлган баҳсларда эса Шерзод Раҳимов мутлақ вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлди.

photo_2018-09-04_19-41-48.jpg

Лочин ови ва тайганлар югуриши бўйича баҳсларда дунёнинг 10 та давлатидан 25 нафар спортчи иштирок этиб, лочинда ов йўналишида юртдошимиз Денис Сой бронза медалини қўлга киритди.

9316035.jpg

27 та давлатдан 127 нафар нафар спортчи иштирок этган мас-рестлинг бўйича баҳсларда вакилларимиз салмоқли ютуқларни қўлга киритишди. Аёллар ўртасида ўтказилган баҳсларда Регина Муляшева (-55 кг.) кумуш, Мадина Элиева (-125 кг) бронза медалини қўлга киритишган бўлса, эркак спортчиларимиз Ислом Абдумаликов (-60 кг.), Илёс Кадиров (-90 кг.), Насим Ражабов (-125 кг.) бронза медалига сазовор бўлишди.

photo_2018-09-04_15-56-32.jpg

Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрдан 8 сентябрга қадар давом этадиган мазкур мусобақада дунёнинг 66 давлатидан ташриф буюрган 1556 нафар спортчи медаллар учун баҳс олиб бормоқда. Ўзбекистон делегацияси 13 та спорт тури бўйича 58 нафар спортчи билан иштирок этмоқда.

ЎзА