Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.09.2017 12:01 Чоп этиш версияси

“Бунёдкор” стадионида пенчак силатнинг профессионал йўналиши бўйича “Asian fight – 2017” халқаро турнири бўлиб ўтди

“Бунёдкор” стадионида пенчак силатнинг профессионал йўналиши бўйича “Asian fight – 2017” халқаро турнири бўлиб ўтди Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Шарқ яккакурашлари ва жанг санъатларини ривожлантириш маркази, мамлакатимиз пенчак силат федерацияси, Uzmobile компанияси томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган турнирда юртимиз яккакураш усталари билан бирга Сингапур, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Озарбайжон, Россия, Кипр сингари давлатлардан келган спортчилар ғолиблик учун куч синашди.

Халқаро турнирнинг тантанали очилишида мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб вояга етказиш, уларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитларни яратишга қаратилаётган доимий эътибор самарасида спортнинг яккакураш турлари ҳам ёшларимиз орасида жадал оммалашаётгани таъкидланди.

– Ўзбекистоннинг нақадар улкан салоҳиятга, қудратга эга давлат экани, халқингиз эса самимий ва меҳмондўст экани ҳавасимизни келтирди, – дейди Осиё пенчак силат федерацияси президенти Шайх Оловуддин Бин Ёқуб Марикан. – Бугунги турнирнинг юксак савияда ташкил этилгани мамлакатингизда спорт ривожига нақадар улкан эътибор қаратилаётганидан далолатдир.

Мамлакатимиз спортчилари яккакураш спорт турлари бўйича дунёда етакчилардан. Ёшларимиз бокс, кикбоксинг, каратэ, таэквондо, дзюдо, пенчак силат сингари қатор спорт турлари бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатларида, нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиб келмоқда.

Ўзбекистон пенчак силат федерацияси томонидан “Asian fight – 2017” халқаро турнирининг ташкил этилишидан кўзланган мақсад ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни спортнинг яккакураш турларига кенг жалб этиш, спортчиларимизнинг тажриба ва маҳоратини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Мамлакатимизда илк бор ўтказилган ушбу турнирда спортнинг жанговар яккакураш турлари бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатларида совринли ўринларни эгаллаган спортчиларимиз Маҳмуд Муродов, Жасур Мирзамуҳамедов, Улуғбек Умаров, Ҳасанхон Баратов, Муҳаммадали Тоштурғунов, Исроил Расулов, Аюбхон Камолов ва Аҳлиддин Мирзадавлатов Ватанимиз шарафини ҳимоя қилди.

“Asian fight – 2017” халқаро турнирида Исроил Расулов сингапурлик Муҳаммад Хаирини, Аюбхон Камолов ҳиндистонлик Викаш Даҳияни, Муҳаммадали Тоштурғунов қирғизистонлик Бектур Мангиевни, Аҳлиддин Мирзадавлатов қозоғистонлик Холмурод Ҳизировни, Маҳмуд Муродов озарбайжонлик Зиё Мирзаевни, Ҳасанхон Баратов россиялик Михаил Холдоркинни, Жасур Мирзамуҳамедов кипрлик Вартан Апарианни мағлубиятга учратган бўлса, Улуғбек Умаров афғонистонлик рақиби Абдул Сами Файзийга имкониятни бой берди.

– Юртимизда ташкил этилган нуфузли турнирда ғалаба қозонганимдан хурсандман, – дейди Маҳмуд Муродов. – Бундай мусобақалар спортчиларнинг тажрибасини ошириш билан бирга юзлаб, минглаб ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Бу каби турнирлар мамлакатимизда мунтазам ташкил этилишига ва унда биз, спортчилар юқори натижаларга эришишимизга умид қиламиз.

Байрам Айтмуродов, Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
2 925






Все о погоде - Pogoda.uz