ЎзА Ўзбек

10.06.2019 01:58 Чоп этиш версияси

Бухорода кураш бўйича Президент соврини ғолиблари аниқланди

Бухорода кураш бўйича Президент соврини ғолиблари аниқланди

Хабарингиз бор, бугун азим Бухорои шарифда миллий қадриятимиз бўлмиш кураш бўйича Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнирга старт берилди.

Унда дунёнинг уч қитъаси 20га яқин давлатидан келган полвонлар 7та вазнда ғолиблик учун беллашади. Бугун кураш усталари бешта вазнда гиламга тушишди. Эркаклар 60, 66, 90 ва 100 килогача, аёллар эса 52 кг вазн тоифасида ўз омадини синаб кўрди.

Шуниси эътиборга молик, бу сафар ташкилотчилар хорижлик меҳмонларга ҳам имтиёз тақдим этиш мақсадида иштирокчиларни сетканинг икки тарафига ажратди, яъни маҳаллий полвонлар бир томондан финалга чиқиб келишса, иккинчи томондан ҳал қилувчи баҳсга албатта хорижлик курашчи етиб келарди. Бу эса табиийки узоқ йўл босиб келган чет эллик полвонларнинг уйига қуруқ қўл билан қайтишининг олдини олишга хизмат қилади, негаки кўп ҳолларда мана шундай нуфузли мусобақаларда нафақат ғолиблик, балки барча совринли ўринларни ҳамюртларимиз қўлга киритиши одатий ҳолга айланиб қолаётган эди.

photo5469873050729163618.jpg

photo5469747560374708986.jpg

Бухорода илк маротаба ташкил этилган Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнирнинг биринчи олтин медалини бухоролик Чори Зойиров қўлга киритди. 60 кг.гача бўлган вазн тоифасида ўтказилган финал баҳсида у қозоғистонлик Аманхан Оскенбаев устидан соф ғалабага эришди ва уч мингАҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига ҳам сазовор бўлди.

Шунингдек, бугунги беллашувларда 66 кг. вазн тоифасида Эрон ислом республикаси вакили Жаъфар Фирузободи ғолиб бўлди. У финалда яна бир бухоролик полвон Миржон Тўхтаевдан устун келди. Вазни 90 килогача бўлган полвонлар ўртасида Сурхон воҳаси фарзанди, полвонлар сулоласи вакили Шермуҳаммад Жандриевга муносиб рақиб топилмади. У финал беллашувида қўшни Қирғизистон вакили Жамалбек Асилбек улидан бир чала ва бир ёнбош баҳосида устун келди. Эркаклар ўртасидаги бугун ўтказилган беллашувларда энг оғир, яъни 100 килогача бўлган полвонлар баҳсида Бухоро кураш мактаби тарбияланувчиси Эркин Дониёров ҳал қилувчи баҳсда эронлик Ҳамед Рашидини мағлуб этди.

photo5469747560374708985.jpg

photo5469747560374708988.jpg

Ниҳоят бугунги беллашувларни аёллар якунлаб берди. Вазни 52 килогача бўлган курашчилар ўртасида финалга Осиё ва жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби сурхондарёлик Гулнор Сулаймонова муросасиз кечган баҳсда Хитой тайпейи вакили Чиа-Вен Соу устидан кичик ҳисобда ғалаба қозонди ва бош совринга сазовор бўлди.

Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнир эртага давом эттирилади.

photo5469747560374708990.jpg

photo5469747560374708991.jpg

О.ЭШМАМАТОВ, Т.ИСТАТОВ (сурат), ЎзА
5 462