ЎзА Ўзбек

16.04.2018 16:50 Чоп этиш версияси

Бухоро “Фьючерс” турнирига чорлайди

Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” теннис марказида Халқаро теннис федерацияси (ITF) мусобоқалари туркумига кирувчи эркаклар ўртасида “Фьючерс” турнири бошланди.

Соврин жамғармаси 25 минг доллар бўлган мазкур мусобақада Россия, Япония, Украина, Хитой, Ҳиндистон, Беларусь, Аргентина каби 13 мамлакатдан 32 нафар ракетка устаси иштирок этмоқда. Иштирокчилар орасида юртимизнинг 8 нафар вакили ҳам куч синашмоқда.

Бухорода ўтказилаётган “Фьючерс” турнирининг нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётир. Унинг бу йилги қатнашчилари орасида жаҳон теннисчилари рейтингида ўз мавқеини тобора яхшилаётган Хироки Мория (Япония), Константин Кравчук, Евгений Тюрнев (Россия), Дмитрий Жирмонт (Беларусь) ҳамда юртдошимиз Санжар Файзиев ва бошқалар бор.

Бугун тушдан сўнг бош соврин учун курашадиган ракеткачилар ўртасида қуръа ташланди. Кечга яқин қатор дастлабки ўйинлар ўтказилиб, навбатдаги босқичга чиқувчилар аниқланади.

Мусобақада жуфтлик беллашувлари ғолиби 20 апрелда, яккалик баҳслари эса 21 апрелда аниқланади.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
4 057