ЎзА Ўзбек

05.06.2018 11:47:56 Чоп этиш версияси

Бугун Қозоғистонда ўзбек боксчилари рингга чиқади

Хабарингиз бор, бокс бўйича мамлакат терма жамоамизнинг етакчилари яқинда Россияда ўтган халқаро турнирда иштирок этиб, тўртта олтин, учтадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган ҳолда якунда умумжамоа ҳисобида мезбонлардан кейин иккинчи ўринни эгаллаб қайтганди. Орадан кўп ўтмай, таркиб бироз ўзгарган ҳолда боксчиларимиз яна сафарга отланишди. Бу галги манзил Қозоғистон бўлди. Ҳамюртларимиз у ерда бугун старт оладиган “Қозоғистон Президенти Кубоги”да бош соврин учун жанг олиб боришади. 

Ҳудди “Губернатор Кубоги” каби бу турнир ҳам анъанавий олтинчи маротаба ташкил этилмоқда. Унда жаҳоннинг 15 дан ортиқ мамлакатларнинг етакчи эркак ва аёл боксчилари рингга кўтарилишади. Бунда жанглар эркаклар ўртасида 10та, аёллар ўртасида эса 4та вазн тоифасида ташкиллаштирилади.

Ўзбекистон терма жамоаси бу гал ҳам асосий таркиби билан иштирок этади. Булар,

Эркаклар: Ҳасанбой Дўсматов (-49 кг), Жасурбек Латипов (-52 кг), Шаҳобиддин Зоиров (-56 кг, Миразиз Мирзаҳалилов (-56 кг), Шунқор Абдурасулов (-60 кг), Иқболжон Холдоров (-64 кг), Алиёр Норалиев (-64 кг), Маҳмуд Ғоипов (-69 кг), Фазлиддин Мелибоев (-69 кг), Исроил Мадримов (-75 кг), Бектемир Мелиқўзиев (-81 кг), Санжар Турсунов (-91 кг), Улуғбек Мубинов (+91 кг).

Аёллар: Турсуной Раҳимова (-51 кг), Ёдгорой Мирзаева (-57 кг), Райхона Қодирова (-60 кг).

Терма жамоамиз мураббийлари: Марат Қурбонов, Тўлқин Қиличев, Раҳматжон Рўзиохунов, Баҳодир Эркаев (эркаклар), Камолиддин Муталов (аёллар). Шунингдек, 11 июнга қадар давом этадиган халқаро мусобақада ҳамюртимиз Алишер Полвонов ҳакам сифатида фаолият юритади.