ЎзА Ўзбек

21.02.2019 Чоп этиш версияси

Бугун “Металлург” янги футболчиларини таништиради

Бугун “Металлург” янги футболчиларини таништиради

2019 йилги суперлига баҳсларига қизғин ҳозирлик кўраётган Бекободнинг “Металлург” жамоаси мавсумлар оралиғида ўз таркибига бир қатор номдор футболчиларни қўшиб олди. Улар орасида 9 карра Ўзбекистон чемпиони, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони чемпионатлари ғолиби, икки карра Осиёнинг энг яхши футболчиси (2008 ва 2011 йилларда), Ўзбекистоннинг 2008 ва 2010 йиллардаги энг яхши футболчиси Сервер Жепаров ҳам бор.

Бундан ташқари таркибга бир неча бор Ўзбекистон чемпиони ҳамда совриндори бўлган Камолиддин Тожиев, Шавкат Муллажонов каби маҳоратли чарм тўп усталари ҳам қўшиб олинди. Қолаверса ўтган мавсум бекободликлар таркибида ижара асосида тўп сурган Акбар Исматуллаев, Аббос Отахонов, Станислав Андреев каби футболчилар ҳам “Металлург” клубининг тўлақонли аъзоларига айланишди.

Жамоа мухлислари учун яна бир хушхабар. Кўп йиллар давомида “Андижон” ва “Насаф” клубларида тўп тепиб, миллий чемпионат ва халқаро ареналардаги ажойиб ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган, ўтган йили “Пахтакор” клуби таркибида фаолият юритган Баҳром Абдураҳимов ҳам янги мавсумни “Металлург” сафида бошлашга яқин турибди.

“Металлург” футбол клубига алоқадор шу ва бошқа янгиликлар, келгусидаги режаларини билишга қизиққан ОАВ ходимларини клуб маъмурияти бугун соат 11:30 да “Бунёдкор” стадиони анжуманлар залига таклиф этади. Унда жамоа бош мураббийи Андрей Шипилов иштирокида матбуот анжумани ва янги футболчиларнинг тақдимот маросими ўтказилади.​​

2 366
ЎзА