ЎзА Ўзбек

05.06.2018 20:22:06 Чоп этиш версияси

Буэнос-Айресга Марказий Осиёдан фақат ўзбекистонликлар боради

Спорт курашлари бўйича Аргентинада ўтадиган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида иштирок этувчи спортчиларимиз сони беш нафарга етди. Бунда эронликларнинг битта йўлланмадан маҳрум бўлгани ва айнан шу йўлланма ўзбекистонликларга тақдим этилганлиги рол ўйнади.

Аниқроғи, бундан бир ой олдин бўлиб ўтган спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида эркин кураш баҳсларида Эрон терма жамоаси учта Олимпия вазнида бош совринни қўлга киритганди. Мусобақа қонун-қоидасига кўра эса бир мамлакат учун фақат иккита йўлланма ажратилиши белгилаб қўйилган. Шу боис, Эрон терма жамоаси йўлланмаларнинг бирини ихтиёрий-мажбурий ҳолатда топшириши лозим эди. Форслар -80кг вазн тоифасидаги йўлланмадан воз кечишни маъқул кўришди. Охир-оқибат бу йўлланма ўзбекистонлик ёш полвон Муҳаммадрасул Раҳимовга тегишли бўлди. Сабаби, у қитъа чемпионатида эронлик спортчидан кейинги иккинчи ўринни эгаллаганди. 

Шундай қилиб, Аргентинага борувчи спорт курашчиларимиз сони биттага кўпайди. Буэнос-Айресда эркин кураш бўйича Осиёдан Эрон ва Ўзбекистон терма жамоаларига иккита, Япония терма жамоасига эса битта йўлланма теккан. Юнон-рум курашида Эрон ва Япония давлатларидан иккитадан, Ўзбекистон эса битта лицензияга эга. Аёллар курашида ҳам икки спортчимизга Олимпия ўйинларида иштирок этиш имконияти берилган .

Эътиборли жиҳати, спорт курашлари бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ичида фақат Ўзбекистон III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида иштирок этиш бахтига муяссар бўлган.