ЎзА Ўзбек

09.03.2020 Чоп этиш версияси

Болалар спортига эътибор кучаймоқда​

Болалар спортига эътибор кучаймоқда​

Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биноси мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев, туман ҳокимлиги масъуллари, спортчи-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

4.JPG

Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус муҳим аҳамият касб этаётир.

Маълумки, ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган мазкур 5 та ташаббуснинг иккинчи йўналиши бу – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасидаги қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган. Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб мазкур йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

35.JPG

Хусусан, Қуйи Чирчиқ туманидаги “Пахтазор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳам ушбу йўналишдаги ишларнинг узвий давомидир.

Спорт мактаби таъмири учун 4 миллиард 835 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, замонавий футбол стадиони, очиқ баскетбол ва волейбол майдонлари, енгил атлетика спортига ихтисослашган югуриш йўлакчаси ҳамда 12х24 ўлчамдаги ёпиқ спорт зал ёш спортчилар ихтиёрига топширилди.

20.JPG

Мутахассисларнинг маълум қилишича, табиий майсали футбол майдонининг ўлчамлари профессионал футбол лигаси томонидан ўтказилаётган Про-лига мусобақаларини қабул қилиш имконини беради. Майдон ҳолати ҳам идеал даражада. Шу сабабли айни пайтда “Б” Про-лига иштирокчилари – “Бунёдкор-2” ҳамда “Рубин” жамоалари ўз уй учрашувларини мазкур яшил майдонда ўтказиш истагини билдирмоқда.

Очиқ баскетбол майдонида баскетбол билан бир қаторда, мини-футбол ва гандбол билан шуғулланиш имконияти мавжуд. Очиқ волейбол майдонини эса бадминтон спортига мослаштириш мумкин.

37.JPG

Ёпиқ зал бокс ва курашга мослаштирилган бўлиб, ёғинли кунларда волейбол билан ҳам шуғулланса бўлади. Мухтасар айтганда, мазкур спорт мактабида туман ёшларининг спортнинг қатор турлари бўйича шуғулланиши учун барча зарур шароит яратилди.

Тадбир доирасида “Вазир ва ёшлар” учрашуви ҳам ташкил этилиб, унда туман ёшлари жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ўзларини қизиқтираётган саволлар, қийнаётган муаммолар билан вазирга мурожаат қилди. Шу ернинг ўзида қатор масалаларга ечим топилди.

43.JPG

2 818
Авазбек Худойқулов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА