ЎзА Ўзбек

15.10.2015 11:53 Чоп этиш версияси

Боксчиларимизнинг муваффақияти

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жаҳон чемпионатида учтадан кумуш ва бронза медални қўлга киритди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида спортчиларимиз турли нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлиб, Ўзбекистон фарзандлари ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини исботламоқда.

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида спортчиларимиз қўлга киритган ютуқлар бунинг далилидир.

Нуфузли турнирда етмишга яқин давлатдан энг кучли боксчилар совринли ўринлар билан бирга 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун баҳслашмоқда. Дунёда етакчилардан бўлган ўзбек бокс мактаби вакилларининг мазкур мусобақадаги ёрқин ғалабалари халқимизга ғурур-ифтихор бағишлади.

Спортчиларимизнинг жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўришида ва муносиб иштирок этишида давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлди.

Терма жамоамизга дастлабки кумуш медални вазни 56 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги баҳсларда қатнашган Муроджон Аҳмадалиев келтирди. Мустаҳкам ҳимоя ва кучли техникага эга боксчимиз финалгача бўлган жангларда италиялик Франческо Майетта, қозоғистонлик Қайрат Ералиев, таиландлик Чатчай Бутди ва ҳиндистонлик Шива Тапани мағлубиятга учратди. Ирландиялик Майкл Конлонга қарши кечган ҳал қилувчи мусобақада ҳамюртимиз иккинчи ўринга лойиқ деб топилди.

Вазни 64 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги баҳсларда қатнашган Фазлиддин Ғойибназаров ҳам мухлису мутахассислар ишончини оқлади. Тажрибали боксчимиз дастлабки жангда қатарлик Туласи Тарумалингамни техник нокаутга учратди. Сўнг Лондон Олимпиадаси совриндори италиялик Винченсо Мангиакапре ва таиландлик Вуттичай Масук устидан ғалаба қозониб, шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.

Бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони, II ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби, катталар ўртасида Осиё чемпиони Бектемир Мелиқўзиев ҳам ушбу жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритди.

Вазни 75 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида рингга чиққан иқтидорли боксчимиз кучли ва тезкор зарба, мукаммал техникага эга эканини намойиш этди. Дастлаб грузиялик Заал Квачатадзени биринчи раунддаёқ нокаутга учратган ҳамюртимиз кейинги жангларда франциялик Кристиан М'Билли Ассомо, чорак финалда россиялик Пётр Хамуков, ярим финалда ирландиялик Майкл О’Рейлли устидан ишончли ғалаба қозонди ва иккинчи ўринни эгаллади.

Боксчиларимиз жаҳон чемпионатининг кумуш медали билан бирга 2016 йилги XXXI ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасига ҳам эга бўлди.

Ҳамюртларимиздан Элнур Абдураимов, Элшод Расулов ва Баҳодир Жалоловлар ўз вазн тоифасида бронза медалга сазовор бўлди.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
5 498