ЎзА Ўзбек

22.09.2019 Чоп этиш версияси

Боксчиларимиз ЖЧни 1-ўринда якунлади, Жалолов эса энг яхши бўлди

Боксчиларимиз ЖЧни 1-ўринда якунлади, Жалолов эса энг яхши бўлди

Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича жаҳон чемпионатини ҳамюртларимиз юқори нотада якунлашди. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати бу ҳақида хабар берди.

Катталар ўртасидаги ХХ жаҳон чемпионати баҳслари саккизта вазн тоифасида ўтказилган бўлса, ушбу мусобақанинг ҳал қилувчи баҳсларига тўрт нафар боксчимиз етиб келгани ҳақида хабар бергандик.

Дастлаб -52 кг вазн тоифасида ўтказилган финал жангида Рио олимпиадаси чемпиони Шаҳобиддин Зоиров ҳиндистонлик Амитга қарши рингга кўтарилди. Уч раунд муросасиз кечган жангда ҳакамлар бир овоздан 5:0 ҳисобида Шаҳобиддин Зоировга ғалабани беришди ва мамлакатимиз чарм қўлқоп усталари дастлабки олтин медалга сазовор бўлишди.

-57 кг вазн тоифасидаги финал жангида ҳам омад ўзбекистонлик боксчига кулиб боқди. Ушбу вазн тоифасида ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга бел боғлаган Миразизбек Мирзаҳалилов ҳал қилувчи баҳсда кубалик Лазаро Альварес Эстрадага қарши рингга кўтарилди. Муросасиз кечаётган жанг иккинчи раунддаёқ тўхтатилди, сабаби бу пайтга келиб кубалик боксчининг қоши ёрилиб кетганди. Натижада ҳакамлар томонидан ўша вақтгача бўлган очколар ҳисобланди ва унда Мирзаҳалиловнинг қўли баланд келди.

Афсуски улар бошлаб берган ғолибона одимни умидли боксчиларимиздан яна бири Дилшодбек Рўзметов муносиб давом эттира олмади. У финалда қозоғистонлик тажрибали чарм қўлқоп устаси Бекзад Нурдаулетовга қарши рингга кўтарилди ва уч раунд давом этган жангда номдор рақибига имкониятни бой берди. Шундай бўлса-да 20 ёшида ўзи учун дебют бўлган жаҳон чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлиш – Дилшодбек Рўзметов учун ажойиб натижа ва уни олдинда порлоқ келажак кутиб турганига ишонгимиз келади.

Энг оғир, +91 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган тажрибали боксчимиз Баҳодир Жалолов қозоғистонлик Қамшибек Конкабаевни ишончли тарзда мағлуб этди ва жамоамизга учинчи олтин медални тақдим этди. Бу билан Ўзбекистон терма жамоаси мазкур мусобақани норасмий умумжамоа ҳисобида 1-ўрин билан якунлади. Барча масала Жалоловнинг финал жангида ҳал бўлди. Чунки бунгача мезбон Россия терма жамоаси учта олтин медаль билан мусобақа пешқадамлигини қўлга олганди. Баҳодирнинг ажойиб ғалабаси вакилларимизни умумжамоа ҳисобида 1-ўринга олиб чиқди. Чунки терма жамоамизда учта олтин медалдан ташқари Дилшодбек Рўзметовнинг кумуш медали ҳам бор эди.

Дарвоқе, мусобақада ўзининг ажойиб жанглари билан мухлислар меҳрини қозонган Баҳодир Жалолов бир овоздан ХХ жаҳон чемпионатининг энг яхши боксчиси, деб топилди.

Яна бир гап, ўзбекистонлик боксчиларнинг жаҳон чемпионатларида қўлга киритган олтин медаллари сони 9та етди. Бу борада биздан яхшироқ кўрсаткични фақат Куба, Россия (СССР), АҚШ ҳамда Қозоғистон терма жамоалари қайд этиб туришибди.

photo_2019-09-22_01-41-22.jpg

photo_2019-09-22_01-45-32.jpg

photo_2019-09-22_01-03-13.jpg

8 929
ЎзА