ЎзА Ўзбек

13.10.2015 10:56 Чоп этиш версияси

Боксчиларимиз совриндорлар сафида

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида давом этаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида терма жамоамизнинг уч нафар аъзоси бронза медални қўлга киритди.

Чемпионатнинг вазни 60 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги баҳсларида иштирок этган ҳамюртимиз Элнур Абдураимов жазоирлик Реда Бенбазиз, Янги Зеландия вакили Чад Милнес, чорак финалда мўғулистонлик Доржнямбуу Отгондалайни мағлубиятга учратиб, ярим финалда кубалик Лазаро Алваресга имкониятни бой берди ва бронза медални қўлга киритди.

Терма жамоамизга яна бир бронза медални Элшод Расулов келтирди. Тажрибали боксчимиз 81 килограммгача вазн тоифасидаги чарм қўлқоп усталари ўртасида ярим финалгача бўлган жангларда венесуэлалик Алберт Рамирес, туркиялик Жем Карлидаг ва қозоғистонлик Адилбек Ниязимбетовни енгди.

Вазни 91 килограммдан оғир бўлган боксчилар баҳсида қатнашган Баҳодир Жалолов жазоирлик Муҳаммад Гримес, кубалик Ленье Перот ва иорданиялик Ҳусайн Эшайш Йашайшни мағлуб этиб, учинчи ўринни эгаллади.

Жаҳон чемпионатининг финал баҳсларида уч нафар боксчимиз – Муроджон Аҳмадалиев, Фазлиддин Ғойибназаров ва Бектемир Мелиқўзиев ғолиблик учун рингга чиқади.

Ҳал қилувчи баҳсларда Кубадан олтита, Ўзбекистон ва Россиядан уч нафардан, Қозоғистон, Ирландия ва Озарбайжондан иккитадан, Марокаш ва Франциядан бир нафардан боксчи иштирок этади.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
5 534