ЎзА Ўзбек

09.03.2020 Чоп этиш версияси

Боксчиларимиз Олимпиада учун дадил қадам ташламоқда

Боксчиларимиз Олимпиада учун дадил қадам ташламоқда

Иордания пойтахтида бокс бўйича Осиё/Океания минтақалари учун Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи турнирни терма жамоамиз вакиллари муваффақиятли ўтказмоқда.

Мусобақада вазни 69 килограммгача бўлган боксчимиз Бобоусмон Батуров чорак финал жангида хитойлик Кионг Ерсунга қарши жанг олиб борди ва баҳсни ўз фойдасига ҳал қилди. Бу ғалаба унга ярим финалда иштирок этиш ҳуқуқини ҳамда ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини келтирди.

Вазни 91 килограммгача бўлган боксчимиз Санжар Турсунов ҳам чорак финал жангини муваққақиятли ўтказди. У эронлик Туфан Шарифига қарши ўтган жангда зафар қучиб, Олимпиадада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шунингдек, кечки дастурдан ўрин олган 91 килограммдан оғир бўлган спортчилар ўртасида амалдаги жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов 1/4 финал босқичида баҳрайнлик Данис Латиповни мағлубиятга учратди. Мазкур муваффақият Баҳодирга Олимпия ўйинлари лицензиясини тақдим этди.
Афсуски, ёш боксчимиз Фанат Қаҳрамонов чорак финалда қозоғистонлик Абилхан Аманқулга имкониятни бой бериб қўйди. Регламентга кўра, ушбу вазн тоифасида Токио-2020 мусобақаси учун 5 та квота ажратилган. Фанат энди чорак финалда имкониятни бой берган бошқа боксчига қарши ягона йўлланма учун кураш олиб боради.

Шу тариқа турнирда делегациямиз Олимпия ўйинларининг учта йўлланмасини қўлга киритди. Айни дамда тўрт йилликнинг энг муҳим спорт мусобақаси учун умумий йўлланмаларимиз сони ўн еттитага етди.

Бугун 5 нафар юртдошимиз Олимпиада лицензияси учун рингга кўтарилади.

– 63 кг: Элнур Абдураимов (Ўзбекистон) – Гардиш Харрисон (Австралия).

– 51 кг: Турсуной Раҳимова (Ўзбекистон) – Хуанг Циао Вен (Хитой Тайпейи).

– 52 кг: Шаҳобиддин Зоиров (Ўзбекистон) – Омид Аҳмадисафа (Эрон).

– 60 кг: Райҳона Қодирова (Ўзбекистон) – Сеесонде Судапорн (Таиланд).

– 57 кг: Миразизбек Мирзахалилов (Ўзбекистон) – Цсо Синг Ю (Гонгконг).

2 738
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА