ЎзА Ўзбек

19.10.2015 12:23 Чоп этиш версияси

Боксчиларимиз ғалабаси

Боксчиларимиз ғалабаси Қатар пойтахти Доха шаҳрида бокс бўйича ўтказилган XVIII жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учтадан кумуш ва бронза медаль, тўртта Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келди.

Тошкент халқаро аэропортида спортчиларимизни вазирлик ва идоралар, спорт жамоатчилиги вакиллари, ота-оналар ва мухлислар кутиб олди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида Ўзбекистон дунёга спорти жадал ривожланган мамлакат сифатида танилди. Хусусан, ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақаларида юқори натижаларга эришмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори спортчиларимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларга ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўриши ва муносиб иштирок этиши, терма жамоаларни янги истеъдодлар билан бойитишда муҳим омил бўлмоқда.

Боксчиларимизнинг жаҳон чемпионатида эришган муваффақияти юртимизда тажриба ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч қачон кам бўлмайдиган авлод вакиллари вояга етаётганини яна бир карра исботлади.

Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган жаҳон чемпионатида 70 дан зиёд давлатдан 260 нафар спортчи совринли ўринлар билан бирга 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун ўзаро рақобатлашди.

Терма жамоамиз аъзолари Муроджон Аҳмадалиев (56 кг), Фазлиддин Ғойибназаров (64 кг) ва Бектемир Мелиқўзиев (75 кг) кумуш медалларни қўлга киритди.

– Мусобақада Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилганимиздан хурсандмиз, – дейди Б.Мелиқўзиев. – Халқаро майдонлардаги ғалабаларимиз мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик туфайлидир.

Боксчиларимиз жаҳон чемпионатининг кумуш медали билан бирга 2016 йилги XXXI ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасига ҳам эга бўлди.

Жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори Элнур Абдураимов мусобақанинг сўнгги куни ўз вазн тоифасида Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш учун рингга кўтарилди. Вазни 60 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида ҳамюртимиз бразилиялик Робсон Донато Консейсаони мағлубиятга учратди. Боксчиларимиздан Элшод Расулов ва Баҳодир Жалолов ҳам ўз вазн тоифасида бронза медалга сазовор бўлди.

Байрам Айтмуродов, Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
5 252