ЎзА Ўзбек

08.06.2018 11:29:23 Чоп этиш версияси

БОКС. Бектемир Мелиқўзиев рақибини накаутга учратди

Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида давом этаётган “Президент кубоги” мусобақасининг навбатдаги кунида беш нафар боксчимиз рингга кўтарилди.

Ҳамюртларимиз иштирокидаги бешта жангнинг учтасида ғалаба қўлга киритилган бўлса, иккитасида мағлубият қайд этилди.

Жумладан, -60 кг. вазнда жанг ўтказган Шунқор Абдурасулов филипинлик рақиби Суарес Коронелга ҳеч қандай имконият қолдирмади, йирик ҳисобда мағлубиятга учратди – 5:0.

-69 кг. вазнлилар ўртасида Маҳмуд Ғоипов хитойлик Маимаититу Ерсунни бир очко фарқи билан енгишга эришди – 3:2.

Айниқса, Бектемир Мелиқўзиев (81 кг.)нинг жанги кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди. У ҳиндистонлик Деваншу Жаивални иккинчи раунддаёқ нокаутга учратиб, ўзининг нималарга қодир эканлигини яна бир карра исботлади. 

Афсуски, икки етакчи боксчимиздан бу гал омад юз ўгирди. Жасурбек Латипов (52 кг.) мезбонлар вакили Ануар Музаппаровга 1-раундда техник нокаут эвазига мағлубиятга учраган бўлса, Улуғбек Мубинов (+91 кг.) россиялик Максим Бабанинга йирик ҳисобда енгилди – 0:5.

Баҳслар бугун яна давом эттирилади.