ЎзА Ўзбек

14.08.2018 11:30 Чоп этиш версияси

Биз билмаган Маракана

Биз билмаган Маракана
Масалан, менинг болаликдаги орзуим миллий терма жамоа либосида ўйнаш эди. Ушалмади. Бразилияда эса бошқачароқ.

Жанубий америкалик болаларнинг энг улкан орзуси – Мараканада тўп суриш. Қуйида дунёнинг энг кўҳна стадионларидан бири бўлмиш; “орзулар кушандаси” Маракана ҳақида сўз юритамиз.

maracana-filho.jpg

Маркана стадионининг қурилиши 1948 йилда бошланган. Унинг бутунлай битказилишига эса улкан муддат - 18 йил кетди. Рио-де-Жанейро шаҳрида жойлашган стадионни қуриш таклифи маҳаллий журналист Марио Филью томонидан таклиф этилган.


Стадионнинг қурилиш ишлари 1948 йил 2-августда бошланди. Лойиҳага бразилиялик инженер Ҳумберто Менескал бошчилигидаги архитекторлар бўлинмаси тайинланди. Майкл Фельдман, Валдир Рамос, Рафаел Галваё, Оскар Валдетаро, Орландо Азеведо, Педро Бастос ҳамда Антонио Карнейролар ана шу лойиҳа таркибидаги инсонлардан эди.


Маҳаллий халқ Маракананинг қурилиш ишларида ўзининг беминнат ёрдамларини аяшмайди. Бири молиявий жиҳатдан қўллаб қувватласа, бошқаси ўз кучини стадион қурилишига бахшида этади. Шу боисдан ҳам ўйингоҳ ҳозирги кунгача Рио-де-Жанейро шаҳри мулки саналади.

7e9cc8bb2aaecb390ba6.jpg

Азим майдоннинг расмий очилиш ўйини 1950 йилнинг 16 июнь куни ўтказилган, ўшанда маҳаллий “Рио-де-Жанейро” ҳамда “Сан-Паулу” жамоалари куч синашган. Мараканадаги биринчи голга эса афсонавий ҳужумчи Диди муаллифлик қилган.

15118983626235.jpg

Замонлар ўтаверди. Стадион қандай буюк футболчиларни кўрмади. Пелени Пеле бўлиб танилишини ҳам, буюк Гарринчанинг ожиз рақиб олдида тўхтаб бош эгишини ҳам, Зиконинг сўнги ўйинини ҳам, ва ҳатто, “seleção“нинг энг қувончли ғалабасини ҳам кўрди. У қанча инсонни хурсандчилигига, яна қанчасининг қайғусига шерик бўлди. Индамай кузатиб тураверди. Халқ шу учун уни яхши кўраверди, севаверди. Чин севги тилда ошкор қилинмаганидек, Мараканани жим севдилар, ожизларча севдилар.

522fbf0f1dd2804a12963e238c4daff6.jpg

Кейинчалик стадионга расмий ном сифатида қурилиш таклифини йўллаган ўша машҳур журналист ҳамда футбол эксперти Марио Филью номини беришди. Омма Маракана деб, тан оладиган стадионнинг расмий номи “Марио Филью”дир. Айтганча, сиз-у мен биладиган ном эса ўйингоҳ атрофида жойлашган Маракана дарёси номидан олинган.

Бразилия термаси 1950 йилда ушбу стадионда жаҳон кубоги асосий ўйинида Уругвайга қарши баҳс юритади ва 2-1 ҳисобида мағлуб бўлади. Ўша ўйинга 199854 нафар инсон ташриф буюради. Бу футбол тарихи мухлислар оқими борасидаги рекорд натижа саналади.

DBFyK5LXUAAXyyZ.jpg

Бу ҳаммаси эмасди. Либертадорес кубоги доирасидаги финал ёки финал олди баҳсларига ҳам кишилар 150, 170, 180 минглаб келишарди. Ҳа, улар шунчаки футболни севишарди холос.

Футбол қироли Пеле 1969 йил “Ботафого” дарвозасига ўзининг 1000 голини киритди. Энг ажабланарли томони ўша воқеа Мараканада содир бўлди. Исмлари олдидан буюк сўзи қўшиб айтилса, ҳеч ким қаршилик қилмайдиган инсон ва стадион учун бу тарихий онлар эди.

21848373636383393.jpg

2000, 2006 ва 2013 йилги реконструкция жараёнларидан сўнг Маракана ўзининг аввалги сиғимини буткул йўқотди. Энди у ҳажми бўйича Бразилияда биринчи эмасди, бироқ ўтмиш стадионларининг энг йириги қайси деб, сўралган саволга одамлар нуқул Мараканани кўрсатаверади.

9183134405_51e2852ddb_b-1024x678.jpg

Унинг бугунги сиғими 78838 нафар томошабинга мўлжалланган.

Ушбу ўйингоҳда “Фламенго” ҳамда “Флуминенсе” футбол клублари ўз уй учрашувларини ўтказишади. Шунингдек, Бразилия терма жамоасининг ўйинлари ҳам мазкур стадионда бўлиб ўтади. Яна “Ботафого” ва “Васко-да-Гама” жамоалари ҳам, штатлар ўртасидаги “Суперклассико”лар ҳам Мараканада бўлиб ўтади.

Маракана икки марта жаҳон чемпионатларига мезбонлик қилган. Дастлаб 1950 йилги мундиални қабул қилади, охиргиси эса 2014 йилда бўлиб ўтган жаҳон кубогидир.

aaffad81b6799fd2804f.jpg

Ундан ташқари, 2007 йилги Пан Америка ўйинлари ва 2013 йилги Конфедерациялар кубоги, шунингдек, 2016 йил ёзги Олимпиада ва Паралимпия баҳсларига ҳам шоҳид бўлган.

Минглаб, балки миллионлаб болаларнинг орзулари ушалган стадион ҳақида билганларимиз ҳозирча шулар эди. Келгусида яна кўҳна майдонлар мавзусига қайтамиз. Бизни кузатишда давом этинг.

Интернет маълумотлари асосида Шоҳрух Нўъмонов тайёрлади
8 487