ЎзА Ўзбек

07.07.2020 Чоп этиш версияси

Биринчи МДҲ ўйинлари Қозон шаҳрида ўтказилади

Биринчи МДҲ ўйинлари Қозон шаҳрида ўтказилади

Россиянинг Қозон шаҳрида I Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ўйинларини ўтказиш масалаларига бағишланган видеоконференция ўтказилди.

Унда Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳамда вазирликнинг бошқарма бошлиқлари ҳам қатнашди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Ҳозирда бутун дунёда коронавирус пандемияси сабабли спорт ўйинларини ўтказишда муаммолар туғилмоқда. Россиядаги мавжуд санитария-эпидемиологик вазият туфайли айни пайтда илк маротаба ташкил этилаётган спорт ўйинларини 2020 йил 4 сентябрдан 11 сентябргача ўтказиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Видеоконференцияда спорт ўйинларини ўтказиш тартиби, хавфсизлик чоралари, тиббий ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама этилди.

Таъкидлаш жоиз, I Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ўйинларида спортнинг 22 тури бўйича беллашувлар ўтказилади. Бокс, соҳил волейболи, стол тенниси, бадиий гимнастика, сув полоси шулар жумласидан. Спортчилар беллашувларда 284 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боришади.

Мусобақаларда 14 ёшдан 23 ёшгача бўлган спортчилар иштирок этади. Ҳозирча спорт ўйинларида МДҲга аъзо 7 мамлакатдан минг нафардан зиёд делегатлар қатнашиши кутилмоқда. Барча делегация аъзоларини рўйхатдан ўтказиш жараёни онлайн тарзда аккредитация тизимида амалга оширилади.

Ўйинлар Қозон шаҳрининг 14 та спорт иншоотида бўлиб ўтади.

Спорт ўйинлари давомида “Спортчилар қишлоғи”да иштирокчилар учун тиббий марказ ташкил этилиб, спорт иншоотларидаги допинг назорат пунктлари очилади.

Мамлакатимизда жорий йилнинг 1 августига қадар карантин қоидалари жорий этилгани боис мавжуд санитария-эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда спортчиларимизнинг мусобақада иштирок этишлари буйича якуний қарорни Республика махсус комиссияси қабул қилади.

4 903
ЎзА