ЎзА Ўзбек

12.02.2019 11:58 Чоп этиш версияси

Бедор тунлар яна қайтмоқда ёхуд катта ўйинлар олдидаги ўйлар

Бедор тунлар яна қайтмоқда ёхуд катта ўйинлар олдидаги ўйлар

Футбол мухлислари учун бедор тунлар бошланмоқда. Бугун тунда клублар ўртасидаги энг нуфузли турнир – УЕФА Чемпионлар лигасининг плей-офф босқич учрашувларига старт берилади.

Сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси ишқибозлар “Манчестер Юнайтед” ҳамда ПСЖ жамоалари ўртасида кечадиган муросасиз ўйинга гувоҳ бўлишади. Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига қуръа ташланганида бу жуфтликда парижликлар фаворит саналаётганди. Чунки Жозе Моуриньо қўл остидаги “МЮ”нинг нурсиз ўйинлари жамоага бўлган ишончни деярли сўндирганди. Ўшанда “қизил иблислар”нинг ўртамиёна клубларга қарши ўйинларини ҳам юрак ҳовучлаб кўрардик.

Аммо, Моуриньонинг истеъфосидан кейин “МЮ”даги вазият тубдан ўзгарди. Клуб бошқаруви сэр Алекснинг ёқимтойи, жамоа фалсафасини жуда яхши биладиган Оле Гуннар Сульшер қўлига ўтгач, норвегиялик мутахассиснинг биринчи қилган иши футболчиларда ўз кучига бўлган ишонч ҳиссини қайтарди. Сульшер бошқарувида “қизил иблислар” 11та ўйин ўтказиб, шундан нақд 10 тасида (!) ғалаба қозонишди.

Тўғри, “МЮ” футболчилари шу кунгача асосан Англия Премьер-лигасининг ўртамиёна ёки аутсайдер жамоаларини мағлуб этишди. Аммо мағлубиятга учраган жамоалар қаторида чемпионлик пойгасида иштирок этаётган “Тоттенхэм” ёхуд кучли тўртликдан жой олиш учун астойдил ҳаракат қилаётган “Арсенал” каби гранд клублар ҳам борлигини инобатга олсак, бугунги “Ман. Юнайтед” бизга Алекс Фергюссон давридаги жамоани эслатиб юбормоқда.

Сульшер шогирдлари ўзларининг ишончли ўйинлари билан мухлислар қалбида умид уйғотаётган бир паллада “Пари Сен-Жермен” муаммолар гирдобига тушиб қолди. 

Жумладан, парижликларнинг асосий юлдузи Неймар яна жароҳат олиб, муҳим паллада жамоасига ёрдам беролмайдиган бўлди. Қизиғи, бразилиялик футбол афсунгари ўтган йили ҳам айнан жароҳати сабаб “Реал Мадрид” билан бўлган жавоб учрашувида ПСЖга ёрдам беролмаганди. Холбуки Неймар айнан Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш учун Парижга олиб келинган эди. Лига 1 ёки Франция кубогини жамоа Неймарсиз ҳам қўлга кирита олади.

Бразилиялик футболчидан ташқари бугунги ўйинни яна бир етакчи футболчи Эдинсон Кавани ҳам ўтказиб юборади, унга ҳам жароҳат панд бермоқда. Боз устига марказий ярим ҳимоячи Марко Вератти ҳам кўпдан бери жароҳатини даволаш билан банд ва унинг ҳам бу оқшом майдонга тушиши сўроқ остида.

Шу омилларни инобатга олсак, “МЮ” – ПСЖ қарама-қаршилигида энди тарозининг “қизил иблислар” ўтирган палласи босиб кетаётгандек. Бироқ, футболда ҳеч қачон ном ёки пул ҳал қилувчи омил бўлмаган. Қолаверса, парижликлар ном ва пул борасида “Манчестер Юнайтед”дан асло қолишмайди. Энг муҳими, Тухель ҳам, Сульшер ҳам ҳужумкор ўйинни хуш кўради. Шундай экан, бу оқшом ухлаб қолманг, акс ҳолда ҳақиқий футбол спектаклидан бебаҳра қоласиз.

Бугун бўладиган иккинчи ўйинда “Рома” (Италия) – “Порту” (Португалия) жамоалари ўзаро тўқнаш келишади. Бу жуфтлик машҳурлик бобида “МЮ” ёки ПСЖ билан рақобат қила олмас, аммо унутманг, айнан римликлар ўтган йили ярим финалга қадар етиб боришган.

Эртага бўладиган “Тоттенхэм” (Англия) – “Боруссия” (Дортмунд, Германия) баҳсида ҳам у ёки бу жамоани фаворит сифатида кўрсатиш қийин. Инглизлар Почеттино қўл остида ажойиб ўйин намойиш этмоқда ва бугунги “шпорлар” исталган рақибга муаммо туғдириши мумкинлигини ўтган йилларда “Реал” ва “Барселона”га қарши ўйинларда исботлади.

Дортмундликлар эса Бундеслигада “Бавария”нинг гегемонлигига чек қўйишга яқин туришибди. Қолаверса жамоа Европада ҳам ўз сўзини айтишга интилаётгани таҳсинга лойиқ. Сўнгги турда “Боруссия” миллий чемпионатда уч тўп фарқи билан олдинда бораётиб якунда ғалабани қўлдан чиқарди. Эҳтимол жамоа ўйинида пасайиш кўзга ташланаётгандир, бироқ улар ҳамон Бундеслигада “Бавария”дан 5 очкога олдинда боришмоқда.

Эртага бўладиган “Аякс” (Голландия) ҳамда “Реал” (Мадрид, Испания) учрашуви ҳам мухлисларга бетакрор онларни тақдим этишига шубҳа йўқ. Тўғри, айни пайтда мадридликлар ўз ўйинини топиб олишди ва энди уларни тўхтатиш амри маҳолга ўхшайди. Бироқ, бугунги “Аякс” ўз майдонида исталган жамоага муаммо туғдиришга қодир.

Хуллас, мухлислар соғиниб қолган ўйинлар бошланмоқда. Гарчи Чемпионлар лигасида бизнинг клублар иштирок этишмасада, ҳақиқий футбол завқи, катта ўйинлар гаштини бизга айнан шу мусобақа улашади. Шундай экан, тунни бедор ўтказишга чоғланинг.

Отабек Эшмаматов, ЎзА​
3 243