ЎзА Ўзбек

02.05.2019 Чоп этиш версияси

“Барселона” финалга, Месси эса рекордга яқинлашди

“Барселона” финалга, Месси эса рекордга яқинлашди

Кеча тунда УЕФА Чемпионлар лигасининг ярим финал босқичидан ўрин олган иккинчи ўйин бўлиб ўтди.

“Ноу Камп” стадионида ўтган ўйинда Лионель Месси етакчилигидаги “Барселона” клуби Англиянинг “Ливерпуль” жамоасини йирик – 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ваҳоланки учрашувда кўплаб статистик кўрсаткичлар борасида “Ливерпуль” мезбонлардан устунлик қилди. Бундан хулоса қиладиган бўлсак, чиройли ўйин ҳамиша ҳам ғалабани кафолатламайди.

УЕФА расмий сайти берган маълумотга кўра, кечаги ўйинда “қизиллар” “Барселона”дан дарвоза томон кўпроқ зарба йўллаган, яъни Месси жамоадошларининг 11та зарбасига улар 14та зарба билан жавоб қайтарган. Қолаверса улар тўп назорати борасида ҳам устунлик қилган (52%-48%), кўпроқ пас узатган (600-558) ва кўпроқ бурчак зарбасини амалга оширган (5-3). Шунга қарамай якунда каталониялик футболчилар ғалаба нашидасини сурди.

Ўйинни Юрген Клопп шогирдлари анча дадил бошлаган эди. Бироқ, 26-дақиқага келиб “Барселона” сафидаги собиқ “қизиллар”, яъни Коутиньо бошлаб берган ҳужумни Луис Суарес муваффақиятли якунлади.

Танаффусдан кейин катта саҳнага “Барса” етакчиси Месси чиқди. У 75-дақиқада дарвоза устунидан қайтган тўпни бўш қолган дарвозага жойлаб қўйган бўлса, бироздан кейин жарима зарбасини идеал тарзда амалга ошириб, ҳисобни йирик кўринишга келтириб қўйди. 3:0 ҳисоби ўйин охиригача ўзгармади ва “Мессилона” Мадридда ўтадиган финал сари яқинлашди.

Мазкур ўйинда Месси ўзининг “Барселона” сафидаги 600-голини киритган бўлса, Суарес каталонияликларнинг ЕЧЛдаги 500-голига муаллифлик қилди. Дарвоқе, Лео ушбу мусобақадаги 32-клуб дарвозасига йўл топди ва бу борада “Ювентус” ҳужумчиси Криштиану Роналдуга етиб олди. Улардан олдинда яна бир “Реал” (Мадрид) афсонаси Рауль бор. Испаниялик форвард ЕЧЛ доирасида 33та клуб дарвозасини ишғол қилган ва бу борада мутлақ рекордчи саналади.

1 838
ЎзА