ЎзА Ўзбек

29.07.2020 Чоп этиш версияси

Барча футбол мусобақалари 15 августга қадар тўхтатилди

Барча футбол мусобақалари 15 августга қадар тўхтатилди
Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра Ўзбекистонда жорий этилган карантин чекловлари жорий йилнинг 15 августига қадар узайтирилди. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳам мазкур қарорни ҳаётга татбиқ қилиш, юртимиздаги эпидемиологик вазиятнинг тобора жиддийлашиб бораётганлигини инобатга олиб 15 августга қадар барча футбол мусобақаларини (Суперлига, Прол-лига, 1-лига, Аёллар ва футзал чемпионатлари) вақтинча тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда ЎзПФЛнинг расмий сайти хабар тарқатмоқда.

“Карантин талаблари кучайтирилаётганидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ ўз мусобақаларини тартибга солиб келди. Бунда ташкилот биринчи галда клублар дуч келиши мумкин бўлган муаммолар ҳамда футболчилар саломатлиги масаласини биринчи ўринга қўйди.

Биринчи галда Биринчи лига ва Аёллар чемпионати мусобақаси, кейинроқ эса футзал чемпионати номаълум муддатга қолдирилди. Coca-Cola Суперлига ҳамда Про-лига мусобақаси эса давом эттирилди. Орада вирус юқтириб олган футболчилар аниқлангач, ЎзПФЛ ҳар икки мусобақани августга қадар тўхтатишга қарор қилди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси республикада карантин талаблари 15 августга қадар узайтирилганидан келиб чиқиб, мана шу муддат давомида футбол учрашувларини ўтказмаслик бўйича тавсия хатини тақдим этди. Яъни, терма жамоалар учун масъул ташкилот ҳам футболчилар саломатлиги масаласини биринчи планга олиб чиқди.

Ўз навбатида ЎзПФЛ ҳам мавжуд ҳолат, қолаверса, футболчи ва мураббийлар билан боғлиқ шароитлар, мамлакатимизда ҳукм сураётган карантин даври ҳамда ундаги мураккабликларни инобатга олиб, барча футбол мусобақаларини 15 августга қадар қолдирди.

Мусобақанинг қай тариқа тикланиши, тақвим ва формат қай кўринишда бўлиши масаласига кейинроқ ойдинлик киритилади”, дейилади сайт хабарида.

3 494
ЎзА