Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.08.2017 15:49 Чоп этиш версияси

Бадиий гимнастика – саломатлик гарови

Бадиий гимнастика – саломатлик гарови Етти ёшли Фарзона Хайруллаева уч йилдан буён Мирзо Улуғбек туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бадиий гимнастика билан шуғулланади.

– Қизим Фарзона нимжонгина қиз эди, иммунитети паст, иштаҳаси йўқ бўларди, – дейди Дилдора Ўринбоева. – Бадиий гимнастика билан шуғуллана бошлагандан кейин ундаги ижобий ўзгаришларни, соғлом бўлиб вояга етаётганини кўриб қувонаман.

Мирзо Улуғбек туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 735 нафар спортсевар ўғил-қиз спортнинг таэквондо, футбол, баскетбол, волейбол, эркин кураш, белбоғли кураш, бадиий гимнастика ва енгил атлетика каби турлари бўйича тажрибали мураббийлар қўл остида шуғулланмоқда.

Бу ерда, айниқса, спортнинг нафис тури – бадиий гимнастикага аълоҳида эътибор қаратилади.

– Гуруҳимизга қизларни 3-5 ёшдан қабул қиламиз, – дейди мураббий Нисо Давлатова. – Бадиий гимнастика билан шуғулланган қизлар қатъий кун тартибига, тўғри овқатланишга риоя қилади. Борган сари уларда эпчиллик, чаққонлик, зийраклик ортиб боради. Ушбу спорт тури билан мунтазам шуғуллана бошлаган қизларнинг ўқишга, билим олишга бўлган қизиқиши ҳам сезиларли равишда ўсади.

Бугун спортга ҳаваси ортиб, соғлом турмуш тарзига ошно тутинаётган ўғил-қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Улар спорт машғулотлари орқали саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга, ўз олдига қўйган эзгу мақсадлари сари интилаётир.

Гулноза Бобоева, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
4 397






Все о погоде - Pogoda.uz