ЎзА Ўзбек

17.12.2019 Чоп этиш версияси

БАҲОДИРЛАР ЎЙИНЛАРИ ва ТОШ КЎТАРИШ: Берунийда бўлди байрам, бўлди томоша...

БАҲОДИРЛАР ЎЙИНЛАРИ ва ТОШ КЎТАРИШ: Берунийда бўлди байрам, бўлди томоша...

Бир ёнда спортчилар тош кўтаришяпти, бир ёнда полвонлар улкан машиналарни қўл билан тортишяпти, яна бир томонда яна томоша...

Бу жараёнларга маҳаллий аҳоли Беруний посёлкасида гувоҳ бўлишди. Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани Беруний маҳалла фуқаролар йиғинида Конституция кунига бағишлаб, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Кубоги учун ўтказилган Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш мусобақасида мамлакатимизнинг шу соҳа етакчилари, номдор полвонлари иштирок этишди.

photo5458788461692693530.jpg

Наманган, Навоий, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикаси вакилларини инобатга олмаганда қолган барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг жами 83 нафарлик қатнашчилари мазкур мусобақада ўзларини нималарга қодир эканликларини исботлашди.

Тош кўтариш мусобақасида эркаклар ўртасида Муҳаммаджон Файзуллаев (60 кг), Азизбек Абдувалиев (65 кг), Исмат Аҳмедов (70 кг), Асадбек Ўзганбоев (75 кг), Сарвар Арслонбоев (80 кг), Жавоҳир Қурбонов (90 кг), Исломбек Ҳакимжонов (+90 кг), аёллар ўртасида эса Гулинур Қодирқулова (60 кг), Ёдгорой Нажимова (70 кг), Гуласал Хабибуллаева (+70 кг) энг юқори натижалар қайд этиб, шоҳсупадан жой олишди.

photo5458788461692693531.jpg

Баҳодирлар ўйинларида турли оғир буюмларни маълум масофага олиб бориш, МАН юк машинасини тортиш каби кўринишлар бўйича ёшлар ўртасида Нуриддин Эргашевга, катталар ўртасида эса Сергей Турбицинга тенг келадигани топилмади. Ёшлар ўртасида Икром Санжаров, катталар орасида эса Ахрор Жабборов ва Дилмурод Қурбонов мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларни банд этишди.

Берунийда шунингдек, шу куни Республика Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерациясининг бўлими иш бошлади. Замонавий услубдаги бинода юз нафардан зиёд ўғил-қизлар тош кўтариш ҳамда паҳлавонлар ўйинларидан машғулотларни бошлаб юборишди. Уларга таниқли спортчилар, Жаҳон чемпионлари Сардорбек, Шодилбек, Нурбек Эргашевлар ҳамда Ёдгорой Нажимовалар устозлик қилишмоқда.

2 129
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА