ЎзА Ўзбек

09.03.2020 Чоп этиш версияси

Баҳодир Жалолов Япониядаги олимпиадага боради

Баҳодир Жалолов Япониядаги олимпиадага боради

Иордания пойтахти Амман шаҳрида бокс бўйича Осиё/Океания минтақалари учун Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи турнирнинг вазни 91 килограммдан оғир бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасида амалдаги жаҳон чемпиони, терма жамоамизнинг энг ишончли аъзоларидан бири Баҳодир Жалолов XXXII Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди.

Баҳодир Жалолов 1994 йилнинг 8 июль куни Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида дунёга келган. Оиладаги муҳит Баҳодирда болалигидан спортга қизиқиш уйғотди. У дастлаб футбол билан шуғулланди. Сўнгра отаси ўн уч ёшли ўғлини Чирчиқ олимпия захиралари коллежига олиб борди ва у ерда мураббийлари Рустам Саидов ва Тўлқин Қиличевдан бокс сирларини ўрганди.

Тажрибали мураббийлардан чарм қўлқоп сир-асрорларини ўрганган Баҳодир 2009 йили Жиззахда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги мамлакат чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлди.

Ёшлар ўртасида вилоят ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда маҳорат оширган боксчимиз 2013 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида олтин медални қўлга киритади ва қаторасига уч йил мамлакат биринчилигида ғолиб бўлади.

Б.Жалолов халқаро майдондаги дастлабки муваффақиятларига 2013-2014 йилларда эришади. У Германия, Болгария, Беларусь, Озарбайжон сингари давлатларда ўтган бир қатор халқаро турнирларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олади.

2015 йили Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатининг вазни 91 килограммдан оғир бўлган боксчилар баҳсида бронза медалини қўлга киритди. 2016 йили Хитойда ўтказилган Олимпиадага йўлланма берувчи нуфузли мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, Бразилияда ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчисига айланади ва Ўзбекистон делегациясининг байроқдори бўлади. 2017 йили Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди ва бир қатор халқаро турнирларда иштирок этди.

Ҳаваскор боксда кетма-кет муваффақиятларга эришган Баҳодир тажрибасини янада ошириш мақсадида 2018 йили профессионал боксга ўтади. У шу йилнинг ўзида АҚШнинг "Fight Promotions" пропоуторлик компанияси билан шартнома имзолайди ва ҳозирги кунга қадар олти жанг ўтказиб, уларнинг барчасини ғалаба билан якунлади.

Истеъдодли боксчимиз учун 2019 йилги спорт мавсуми ҳам омадли келди. У дастлаб Таиланднинг Бангкок шаҳрида апрель ойида ўтган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Сўнгра сентябрь ойида ўтказилган жаҳон чемпионатида тенгсиз эканини исботлади.

Бу улкан ғалаба Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан муносиб баҳоланди ва 2019 йил 27 сентябрда Б.Жалолов "Ўзбекистон ифтихори" фахрий унвони билан тақдирланди.

Дaвлaтимиз рaҳбaрининг 2017 йил 9 мaртдaги "Ўзбекистон спортчилaрини 2020 йил Токио шaҳридa (Япония) бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия вa XVI Пaрaлимпия ўйинлaригa тaйёрлaш тўғрисидa"ги қaрори спортчимизнинг бу каби улкан ютуқларни қўлга киритишида муҳим дaстурилaмaл бўлмоқдa.

– Президентимизнинг биз, спортчиларга билдираётган катта ишончи, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши муваффақиятларимизда асосий омил бўлмоқда, – дейди Б.Жалолов. – Мамлакатимизда спортчиларга кенг имкониятлар яратилаётгани ва улкан эътибор қаратилаётгани бизга янада куч-ғайрат бағишлайди. Энди менинг орзуим Олимпия ўйинларида Ватанимиз байроғини баландга кўтариб, олтин медалини қўлга киритишдир.

Дарҳақиқат, бугун дунё ўзбек спортчиларининг улкан ютуқларини тан олмоқда. Бунинг барчаси мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва ёшларнинг Ватан довруғини доимо юксалтиришга интилиши сабаблидир. Ишонамизки, Баҳодир Жалолов ва бошқа спортчиларимиз кунчиқар юртда ўтадиган Олимпия ўйинларида юксак натижаларни қайд этади.

2 706
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА