ЎзА Ўзбек

31.03.2019 18:16:32 Чоп этиш версияси

Бўкада оммавий спорт тадбирлари ўтказилди


Тошкент вилоятида ҳам аҳоли, айниқса хотин-қизлар ва ёшларни спортга кенг жалб этиш мақсадида турли спорт-соғломлаштириш тадбирлари ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири вилоятнинг Бўка туманида бўлиб ўтди. Туман марказий кўчаси 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, фаол нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлардан иборат ҳаваскор спортчилар билан гавжум бўлди.

Туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими томонидан тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган оммавий бадантарбия машғулотида 200 нафардан ортиқ иштирокчи чиниқиш машқларини бажарди.

Ҳаваскор велоспортчилар ўртасида ўтказилган мусобақа айниқса, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшлар каби 3 тоифа бўйича ўтказилган мусобақада ёшлар сон жиҳатидан кўпчиликни ташкил этди.

Тадбирда фаол иштирок этган нуроний, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотчиларнинг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.