ЎзА Ўзбек

07.08.2019 20:27 Чоп этиш версияси

Аёллар футболи: “Севинч”нинг ғалабасига шубҳа йўқ эди, “Сўғдиёна” эса сафарда зафар қучди

Аёллар футболи: “Севинч”нинг ғалабасига шубҳа йўқ эди, “Сўғдиёна” эса сафарда зафар қучди

Ўзбекистон чемпионати Олий лигасининг иккинчи босқич 1-тур ўйинлари якунланди.

Бир кун олдин мамлакат чемпионатининг иккинчи босқич 1-тур ўйинлари доирасида иккита ўйин ўтказилганди. Унда “Локомотив” ҳамшаҳарлари “Пахтакор”ни 3:2 ҳисобида мағлуб этгани, “Бунёдкор” ва “Металлург” жамоалари ўртасидаги баҳсда эса дуранг натижа қайд этилгани ҳақида хабар бергандик. Кеча илк турнинг сўнгги икки учрашуви ҳам бўлиб ўтди.

Гарчи иккинчи босқичда тўп сураётган кучли жамоалар саккизтани ташкил этса-да, чин маънода шулар ичида кучлиси дея бешта жамоа номини қайд этиш мумкин. “Севинч” ва “Бунёдкор”нинг ягона мақсади – бош совринни қўлга киритиш. “Сўғдиёна” ва “Металлург” жамоалари эса имкон қадар совриндорлар сафига илиниб қолиш, имкон туғилса чемпионлик учун ҳам курашиш, АГМК жамоаси эса таркиб борасида бошқалардан бироз ёшлигини ҳисобга олиб, тепароқ ўринларга ҳаракат қилишдан иборат.

Фикримизни қайд этилган натижалар ҳам исботлаб турибди. Қаршининг “Севинч” жамоаси меҳмонда тўп тепишига қарамай мезбонларни аяб ўтирмади. Владислав Хан шогирдлари “Қизилқум” дарвозасига жавобсиз 7та гол киритишга муваффақ бўлди.

Бош соврин учун курашиш мақсадини яширмаётган ва шу мақсад йўлида таркибини хорижий футболчилар билан бойитаётган “Сўғдиёна” эса сафарда ўйнаганига қарамай майдон эгаларини мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Бош мураббий Шерали Бобоқулов вилоят футбол ассоциацияси раҳбарлари ҳамда “Сўғдиёна” клуби президентининг қўллаб-қувватлаши натижасида баҳор ойларида аёллар жамоалари ўртасида халқаро турнир ташкил этганди. Аввал Жиззахда, сўнг Қозоғистонда ўтказилган мусобақалар жараёнида Қозоғистон аёллар терма жамоаси аъзоси, мамлакатнинг “БИИК-Казигурт” жамоаси ярим ҳимоячиси, шу жамоа таркибида Европа Чемпионлар лигасида чорак финалга қадар етиб борган Карина Жумабой қизини легионер сифатида таркибга қўшиб олганди. Хорижлик моҳир футболчи дастлабки турдаёқ чинакам легионерлик маҳоратини исботлади ва рақиблар дарвозасини икки бор нишонга олди. Унинг голлари “Сўғдиёна”нинг ғалаба қозонишини таъминлади...

2-босқич, 1-тур

АГМК – “Сўғдиёна” – 1:3

Голлар: Мардона Алматова (42) – Карина Жумабой қизи (15, 52), Диёра Ҳабибуллаева (88).

“Қизилқум” – “Севинч” – 0:7

Голлар: Малика Бурҳонова (10), Шаҳноза Қурбонова (19, 33), Гулзода Амирова (48), Мафтуна Шойимова (51-пен. 59), Рушания Сафина (72).

2-тур ўйинлари 19-20 август кунларига белгиланган. Унда қуйидаги жамоалар ўзаро куч синашади:

19 август (душанба)

“Қизилқум” – АГМК

“Севинч” – “Сўғдиёна”

20 август (сешанба)

“Локомотив” – “Бунёдкор”

“Пахтакор” – “Металлург”.

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА
742