ЎзА Ўзбек

12.06.2019 Чоп этиш версияси

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: “Севинч” илк бор очко йўқотди, юз фоизли натижа фақат “Бунёдкор”да сақланиб турибди

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: “Севинч” илк бор очко йўқотди, юз фоизли натижа фақат “Бунёдкор”да сақланиб турибди

Ҳар иккала клуб ҳам биринчи босқичдаги вазифаларини аллақачон бажариб бўлишган, гап очко йўқотмасликда қолганди. Бу борада “Бунёдкор”нинг “кетмони учяпти”.

Аёллар футболи бўйича мамлакат чемпионати олий лигасида 11-тур ўйинлари ўтказилди. Эътиборли жиҳати, кўпкарра чемпион ва Кубок соҳиби Қаршининг “Севинч” жамоаси мавсумдаги илк очкосини йўқотди. Владислав Хан шогирдлари Жиззахда “Сўғдиёна”нинг меҳмони бўлишди. Муросасиз, кескин ва албатта, асабий тарзда ўтган ўйинда дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолди. Ваҳоланки, ҳар иккала жамоа томонидан кетма-кет ҳужумлар, шу ҳужумга яраша хавфли вазиятлар керагича содир этилди, бироқ тўплар дарвоза чизиғини кесиб ўтолмади. Қолаверса, мезбонлар учрашувнинг учдан икки қисмини бир футболчи кўп устунлигида ўтказишди. Қаршиликлар вакили Феруза Бобохўжаева иккинчи огоҳлантириш туфайли 31-дақиқада майдондан чиқариб юборилганди. Аммо майдон эгалари бундайин имкониятдан фойдаланиб қолишнинг уддасидан чиқа олмадилар.

photo5190588537404238901.jpg

Минтақадаги қизиқарли учрашувларнинг бири Навоий шаҳрида ҳам кузатилди. Мезбонлар “Қизилқум” жамоаси Ғузорнинг “Шўртан” жамоасини қабул қилди. Учрашув аҳамият даражаси бўйича бошқалардан баланд эди, сабаби, ғолиб чиққан жамоа минтақадан кучли тўртлик сафига кирар, кейинги босқичга чиқиш имкониятини ошириб оларди. Шу нуқтаи назардан ҳам ўйин анча шиддатли кечди. Бунинг устига иккала жамоанинг ўзаро ҳисоб-китоби ҳам бор эди – биринчи даврада Ғузордаги ўзаро ўйинда навоийликлар ғалаба қозонган, бу гал уларнинг рақибларидан муносиб ўч олиш мақсади юқорилиги сезилиб турганди. “Шўртан” ўз мақсадига ета олмаганига бор-йўғи бир-икки дақиқа панд берди. Учрашувнинг асосий вақти тугаган паллаларда ҳисоб меҳмонлар фойдасига ишлаб турганди. Қўшиб берилган 5 дақиқанинг иккинчи дақиқасида ғузорликларнинг ишонган ҳимоячиси Селима Гугуева ўз жарима майдонида рақибига нисбатан қўпол ўйнаб, пенальти белгиланишига сабаб бўлди. Мезбонлар эса бундай имкониятни бой беришмади. Ҳисобни тенглаштирган навоийликлар катта мусобақанинг финал баҳсида ғолиб чиққандек хурсандчилик қилди.

Шарқий минтақада эса “Бунёдкор” бирорта ҳам очко йўқотмай, ягона пешқадамлигини исботлаб турибди. Бу минтақада “Ғарбий”га нисбатан кучли ва кучсиз жамоалар номи аниқланиб бўлди. “Бунёдкор”, “Металлург”, “Пахтакор” ва “Локомотив” жамоалари дастлабки вазифаларини ортиғи билан бажаришди – навбатдаги босқичга чиқиб бўлишди. Водийнинг барча вакиллари эса энди лигадан тушиб кетмаслик учун ташкил этиладиган баҳсларда иштирок этишади...

11-турда қайд этилган натижалар:
“Шарқ” минтақаси

“НЕФТЧИ” – “ПАХТАКОР” - 0:3
Голлар: Дурдонахон Бахтиёрова (9), Динара Тагирова (55), Лидия Сема (87).

“БУНЁДКОР” – “АНДИЖАНКА” - 6:0
Голлар: Людмила Карачик (3, 33, 71), Тожинисохон Рашидова (16), Луиза Садирова (66-пен.), Солиҳа Ҳусниддинова (70).

“МЕТАЛЛУРГ” – “НАВБАҲОР” - 6:0
Голлар: Дилдора Нозимова (2, 5, 30, 75, 79-пен.), Диёра Жўрабоева (70).

“Ғарб” минтақаси

“ҚИЗИЛҚУМ” – “ШЎРТАН” - 2:2
Голлар: Рушания Мазитова (17), Бахтишод Тўхтаева (90+2-пен.) – Албина Бобоқулова (11), Сўғдиёна Алмардонова (30).

“БУХОРО” – “ДИНАМО” - 2:0
Голлар: Зебинисо Мавлонова (18), Зебинисо Ғаниева (85).

АГМК – “СУРХОН” - 2:0
Голлар: Комила Зарипова (48), Нодира Йўлдошева (82).

“СЎҒДИЁНА” – “СЕВИНЧ” - 0:0

Шу тариқа, “Шарқ” минтақасида “Бунёдкор” 27 очко билан ҳамон пешқадам. Иккинчи ўринда 22 очко билан “Металлург”, учинчи ўринда эса 18 очко билан “Пахтакор” жамоалари боришмоқда. “Локомотив” 15 очко билан кучли тўртликни якунлаб берган. “Андижанка” ва “Нефтчи” жамоалари 4тадан, “Навбаҳор” эса атиги 2 очкога эга.

“Ғарб” минтақасида қуйидагича кўриниш: “Севинч” 31 очко, “Сўғдиёна” 28, АГМК 24, “шўртан” ва “Қизилқум” 16тадан, “Бухоро” 9, “Динамо2 4, “Сурхон” 1 очко.

Навбатдаги тур ўйинлари 17-19 июнь кунларига белгиланган.

5 400
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА