ЎзА Ўзбек

17.09.2018 17:58 Чоп этиш версияси

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: рақибларнинг тенг ярмида имконият бор

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: рақибларнинг тенг ярмида имконият бор

Кеча мамлакатимизнинг етти шаҳрида Аёллар футболи бўйича Ўзбекистон Кубогининг нимчорак финал ўйинлари ўтказилди.

Унда қайд этилган натижалар шуни кўрсатяптики, рақибларнинг тенг ярмида жавоб учрашувида ҳам муваффақият қозонишига имкониятлар бор. Айтайлик, “Андижанка” ўзи каби ўртамиёна ҳисобланган “Навбаҳор” жамоасини ўз майдонида йирик – 4:0 ҳисобида мағлубиятга учрата олди, Намангандаги жавоб баҳсида мезбонларнинг ўзидан кучлироқ андижонликлар дарвозасига шунча голлар йўллашига ишониш қийин. Чемпионат пешқадами “Севинч”нинг Навоийда ўз дарвозасидан тўртта у ёқда турсин битта тўп ўтказиб юбориши ҳам амримаҳол. Худди шундай вазият “Сўғдиёна” ва “Бухоро” жамоаларида ҳам кузатилмоқда. Чемпионатда совриндорлар сафига қўшилишга ҳаракат қилаётган жиззахликлар сафарда ўйнашларига қарамай “Бухоро”дан йирик ҳисобда енгилмаслиги турган гап.

Бизку бу хулосаларга мавжуд вазиятлардан келиб чиқиб тўхталяпмиз. Ваҳоланки, йирик ҳисоблар қайд этилгани билан ўйинлар кучли жамоаларнинг майдонида кечган. Ким билади, балки биз ортиқча баҳо бераётган етакчилар сафар ўйинларида “омадсизликларга” дуч келар, имкониятларини паст деяётган жамоаларимиз “отларига қамчи босар” балки. Шундан келиб чиқадиган бўлсак энг яхши вазият “Металлург” жамоасида кузатиляпти.

“Бунёдкор” ва “Металлург” ўйини айтиш мумкинки, 1/8 финалнинг энг қизиқарли ва муросасиз ўйини сифатида баҳоланганлиги бежиз эмас. Чемпионат олтин медали учун курашаётган “қалдирғочлар” ҳар эҳтимолга қарши сифатида Кубок ўйинларига ҳам катта эътибор бераётганди. “Металлург”нинг эса бош совринга имкониятлари бироз пастроқ, шунинг учун бекободликлар Кубокка зўр беришлари олдиндан кутилганди. Ва буни амалда исботладилар ҳам. “Бунёдкор” майдонида кечган ўйинда Маҳлиё Сариқова учрашув бошидаёқ ҳисобни очиб, жамоадошларини анча руҳлантирган эди. Бироқ кўп ўтмай Дилдора Нозимованинг бенифислари бошланди. Бирин-кетин учта тўп киритиб, мезбонларни ноқулай аҳволга солиб қўйди. Феруза Турдибоеванинг голи эса ойнинг энг чиройли голи танловига даъвогарлик қилса бўлади. Учрашувни бевосита стадиондан кузатганлар (шундай чиройли ўйин телевидение орқали намойиш этилганида қандай яхши иш бўларди) ўйиннинг шиддатига, кескин ва муросасизлигига ростдан ҳам тан беришди. Ўйиндан хабари йўқлар эса “Бунёдкор”нинг мағлубиятини жамоанинг етакчиси Маҳлиё Сариқованинг майдондан четлаштирилганлиги билан боғлаши ҳам ҳеч гап эмас. Аммо тиниб-тинчимас Сариқова майдондан чиқариб юборилган пайтда унинг жамоадошлари 1:4 ҳисобида енгилаётганлигини унутмаслик лозим. Хуллас, “Металлург” жавоб ўйинига яхшигина замин тайёрлаб қўйди. 19 сентябрь куни Бекобод шаҳрида кечадиган жавоб ўйинида мезбонлар рақибларига учта тўп фарқи билан енгилмасалар бўлди.

“Шўртан” – АГМК, “Нефтчи” – “Қўқон-1912”, “Пахтакор” – “Локомотив” жамоалари ўртасидаги ўйинларда ҳали ҳеч ким ҳеч нарса йўқотганича йўқ, барчасига жавоб баҳслари ойдинлик киритади. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жамоаларда биринчи даврага нисбатан иккинчи даврада ўсишлар сезилмоқда. Оддий мисол, “Нефтчи” ёки “Қўқон-1912” жамоалари биринчи даврада анча нўноқ, тажрибасизлиги ҳаракатларидан-да шундоқ билиниб турар эди. Кечаги ўйиндан уларнинг анча ўсишгани, маҳоратларини тоблай олишаётганлиги сезилди. Бу мавсумку ярмидан кўпи ортда қолди, агар жамоалардаги иш кўлами шу даражада давом этаверадиган бўлса келаси йилдан рақобатбардош жамоаларнинг сони кўпайишига, бу билан эса чемпионатимиз савияси янада ошишига шубҳа йўқ.

Ўзбекистон Кубоги. 1/8 финал.

Дастлабки учрашувлар:

“БУНЁДКОР” – “МЕТАЛЛУРГ” - 2:5
Голлар: Маҳлиё Сариқова (12), Людмила Карачик (76) – Дилдора Нозимова (15, 36, 69), Феруза Турдибоева (23, 90+4). 

“ШЎРТАН” – АГМК - 2:2
Голлар: Шоира Қултўраева (40, 72) – Комила Зарипова (54, 74). 

“АНДИЖАНКА” – “НАВБАҲОР” - 4:0
Голлар: Нилуфар Дадажонова (27, 33), Комила Тўхтасинова (40), Ойгул Ёқубова (45). 

“НЕФТЧИ” – “ҚЎҚОН-1912” - 2:0
Голлар: Нигора Мўйдинова (14-пен.), Умида Умарова (49).

“ПАХТАКОР” – “ЛОКОМОТИВ” - 1:0
Гол: Розияхон Асқарова (90+5).


“СЎҒДИЁНА” – “БУХОРО” - 5:0
Голлар: Азиза Норбоева (2), Ситора Тақабоева (31), Маҳфуза Туропова (59), Албина Бобоқулова (71), Динара Пайзиқулова (89). 

“СЕВИНЧ” – “ҚИЗИЛҚУМ” - 5:0
Голлар: Мафтуна Панжиева (11), Шахноза Қурбонова (16), Нилуфар Қудратова (40), Сўғдиёна Алламуродова (86), Малика Бурхонова (89). 


Биринчи лига иштирокчилари – “Динамо” ҳамда “Сурхон” жамоалари ўйини эса ушбу икки жамоанинг ўйинлари тақвимидан келиб чиқиб бироз илгарироқ ўтказилган эди. Унда икки ўйин натижасига кўра, “Динамо” келаси босқичга йўл олди. 

“ДИНАМО” – “СУРХОН” - 1:0
Гол: Азиза Фахриддинова (49). 

“СУРХОН” – “ДИНАМО” - 1:4
Голлар: Муқаддас Абдураҳмонова (1) – Азиза Фахриддинова (3, 71), Маҳзуна Акрамова (50), Шаҳризода Ҳикматова (66). 


Жавоб ўйинлари 19 сентябрь куни бўлиб ўтади.

Ойбек Юнусов, ЎзА
3 069