ЎзА Ўзбек

02.10.2018 Чоп этиш версияси

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: Меҳмонларга аталган тур

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: Меҳмонларга аталган тур

22-турнинг олти учрашувидан бештасида меҳмонлар зафар қучишди, фақат битта ўйинда мезбонларнинг устунлиги кузатилди.

Аёллар футболи бўйича мамлакат чемпионатининг 22-турида гарчи меҳмонларнинг ғалабалари кузатилган бўлса-да, буни кутилмаган ҳолат деб бўлмайди. Сабаби, меҳмонда муваффақият қозонган жамоаларнинг аксарияти етакчилар, турнир жадвалида ҳам юқори ўринларда бораётган жамоалар эди.

Айтайлик, “Металлург” турнир аутсайдери “Қўқон-1912”ни Қўқонда йирик ҳисобда мағлуб этди. Уй-сафарнинг фарқи қолмаган “Севинч”нинг Олмалиқда ёки “Шўртан”нинг Тошкентда “Пахтакор” устидан йирик ҳисобларда рақибаларидан устун келишига биров шубҳа қилмаганди. Аммо “Навбаҳор”нинг “Бухоро”да майдон эгаларини доғда қолдиришини ёки андижонликларнинг ўз майдонида “Бунёдкор”дан иккита тўп фарқига енгилишини ҳамма ҳам башорат қилмаганлиги рост. Қизиқ учрашувлардан бири Навоийда кузатилди. Майдон эгалари ўз уйларида турнир жадвалида ўзларидан уч поғона юқорида турган “Нефтчи”ни мағлуб эта олди ва икки поғона юқорига кўтарилиб олишга муваффақ бўлди.

Кеча шунингдек, 21-турнинг қолдирилган ўйинида АГМК “Шўртан”ни қабул қилди. Эътиборли жиҳати, ғузорликлар мазкур учрашувда йирик ҳисобда мағлубиятга учрашди. 

22-турда қайд этилган натижалар:

“ҚЎҚОН-1912” - “МЕТАЛЛУРГ” - 0:4
Голлар: Рушания Сафина (43), Моҳигул Икромова (48), Диёра Ҳабибуллаева (57), Нозима Камолтоева (59). 

“АНДИЖАНКА” - “БУНЁДКОР” - 0:2
Голлар: Людмила Карачик (68), Луиза Садирова (85-пен.). 

“ҚИЗИЛҚУМ” - “НЕФТЧИ” - 1:0
Гол: Елена Лагуткина (13).

“БУХОРО” - “НАВБАҲОР” - 0:2
Голлар: Мухлиса Мардиева (21, 24). 

АГМК - “СЕВИНЧ” - 0:3
Голлар: Мафтуна Панжиева (3-пен.), Гулзода Амирова (12), Нилуфар Қудратова (38). 

“ПАХТАКОР” - “ШЎРТАН” - 0:4
Голлар: Илвина Аблакимова (58), Динара Милиева (65), Ҳусния Ғаниева (70), Зебо Жўраева (74). 

21-турнинг қолдирилган ўйини:

АГМК – “Шўртан” – 5:1.
Голлар: Комила Зарипова (7, 52-пен.), Дилрабо Асадова (67), Арина Смирнова (71) – Камола Рисқиева (75).

Шу тариқа турнир жадвалида сезиларли ўзгаришлар юз бермади. Ҳамон “Севинч” жамоаси 61 очко билан карвонбошилик қиляпти. “Бунёдкор” жамоаси етакчидан атиги тўрт очкога ортда қоляпти, учинчи ўринда бораётган “Шўртан”да эса 51 очко мавжуд. Қолган жамоалар эса кетма-кетликда қуйидагича тартибда жойлашган: “Шўртан” 51, “Металлург” 47, АГМК 45, “Сўғдиёна” 34, “Андижанка” 26, “Пахтакор” 22, “Навбаҳор” 17, “Нефтчи” 17, “Қизилқум” 16, “Локомотив” 15, “Бухоро” 11 ва “Қўқон-1912” 3 очко.

Чемпионат тўпурарлар баҳсида ҳамон “Севинч” аъзоси Нилуфар Қудратова олдинда бормоқда, унинг ҳисобида 54та тўп бор. “Металлург” вакили Дилдора Нозимова ҳамда АГМК ҳужумчиси Комила Зариповалар рақиблар дарвозасини 28 маротабадан ишғол этишган.

Чемпионатнинг навбатдаги 23-тур ўйинлари 7 октябрга белгиланган.

6 330
ЎзА