ЎзА Ўзбек

10.09.2018 15:17 Чоп этиш версияси

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: Мағлуб сингил ғолиб опасини чиндан табриклади

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: Мағлуб сингил ғолиб опасини чиндан табриклади

“Қизилқум” таркибидаги Амина Шодиева “Севинч” аъзоси, опаси Лайло Шодиевани ғалаба билан табриклади.

Аёллар ўртасида мамлакат чемпионатининг 20-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Унда энг йирик ҳисоб “Севинч” ва “Шўртан” жамоалари иштирокидаги учрашувларда қайд этилди. Қаршиликлар ўз майдонида “Қизилқум” жамоаси дарвозасига жавобсиз еттита гол урган бўлса, ғузорликлар бухороликлар дарвозасини олти бор нишонга олдилар. Қизиғи, “Севинч”нинг еттита голидан олтитасига чемпионат тўпурарлар карвонини бошқараётган Нилуфар Қудратова муаллифлик қилди.

Турнинг марказий ўйини сифатида “Металлург” ва “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги баҳсни мисол келтириш мумкин. “Сўғдиёна”нинг бош мураббийи Шерали Бобоқулов собиқ жамоасига қарши жиддий тайёргарлик кўрганини муросасиз кечган учрашувда исботлай олди. Қолаверса, биринчи даврада бекободликлар Жиззахда тўп суришларига қарамай майдон эгаларини мағлуб этишнинг уддасидан чиққан эдилар. Демак, бир томондан мазкур мағлубият учун реванш олиш вазифаси ҳам турганди. Ўйин ҳақиқатдан ҳам шиддатли ўтди, хавфли вазиятлар ҳар иккала томондан ҳам бир неча бор такрорланди. Аммо тўп дарвозага кирмади. Нурсиз дурангни жиззахликлар ғалабадек қабул қилган бўлсалар, майдон эгалари учун мағлубиятдек гап бўлди. Фарғона вилояти дербисида “Нефтчи” ўз уйида “Қўқон-1912”ни қабул қилди ва йирик ҳисобда (3:0) зафар қучди. Водий дербиси мақомини олган “Навбаҳор” ва “Андижанка” жамоалари учрашувида Ориф Маматказин устозлигидаги андижонликларга омад кулиб боқди – 1:2. Пойтахт дербисида эса “Локомотив” “сафарда” “Бунёдкор”га 1:4 ҳисобида енгилди.

Аввалги турда “Шўртан” ва “Қизилқум” жамоалари учрашуви чоғида “Шўртан” аъзоси Улдона Тўхтаева ярим спортча ва ярим келин кийимида майдонга тушиш олдидан жамоадошлари, рақиблари ва стадионга йиғилган томошабинларга ўзбек урф-одатига кўра келин саломи тадбирини уюштирган воқеаси анча-мунча шов-шувларга (ижобий албатта) сабаб бўлганди. “Севинч” – “Қизилқум” учрашувида ҳам бундан кам бўлмаган воқес содир бўлди. Юқорида айтганимиздек, “Севинч” “Қизилқум”ни йирик ҳисобда енгди. Ўйиндан кейин “Қизилқум” жамоаси таркибида 17-рақамда ҳаракат қилувчи Амина Шодиева “Севинч”да ўйновчи, 27-рақамда тўп сурувчи опаси Лайло Шодиеванинг олдига келиб уни ғалаба билан табриклади. Аслида оддий воқеа. Футболда ака-ука ёҳуд опа-сингиллар камми дейишингиз мумкин. Лекин бу опа-сингиллар, умуман, бу оила бошқалардан кескин фарқ қилади. Нимаси билан дейсизми, унда эшитинг. Илҳом ака ва Васила опалар оиласида етти фарзанд дунёга келган. Илҳом ака асли ғаллакор, лалми ерларда ғалла ва тарвуз-қовун етиштиради – фермер. Лекин унинг қонида спортга қизиқиш бор. Асли Қашқадарёнинг Чироқчисидан бўлса-да, Жиззах, Самарқанд, Тошкент ҳудудларидаги йирик улоқ ва кўпкари тадбирларида иштирок этиб, қатор совринларни қўлга киритган, “Илҳом полвон” дея ном қозонган. Ўзи чавандоз бўлса-да, боксни жуда севади. Пайтини пойлаб Муҳаммадқодир Абдуллаев билан ҳам дўстлашиб олган.

“Ўғил кўрсам, исмини Муҳаммадқодир қўяман, сизга шогирдликка бераман”, дея машҳур боксчи билан келишиб ҳам қўйган. Бироқ худойим кетма-кет қиз фарзанд бераверди. Тўнғич қизи Шаҳризодага хўп уринди, бироқ унда спортга қизиқишни сезмади, шундай бўлса-да, улғайгач Шаҳризода Чироқчидаги педагогика коллежининг жисмоний тарбия факультетини битирди, яқинда турмушга чиқишга тайёргарлик кўряпти. Иккинчи қизи туғилганда эса “ўғил бўлмаса қиз-да”, дея унга яхши ниятлар билан машҳур аёл боксчи Лайло Алининг исмини қўйди. Бироз улғайгач Чироқчидаги БЎСМнинг қўл жанги тўгарагига олиб борди. Ҳар қалай қизининг билагида куч пайдо бўлди, бокснинг ҳаракатларини қилиб юрган эди. Бир кун қизининг ҳовлидаги тўпни оёқ билан шундай чиройли тарзда тепганини кўриб қолди ва уни етаклаб, сўраб-суриштириб, аёллар футболига катта эътибор бераётган “Севинч” клубига олиб келди. Бу пайтда Лайлонинг ёши 11 да эди. Шу-шу бўлди-ю, Илҳом ака орада икки йиллик танаффус билан бирин-кетин туғилган яна тўрт нафар қизини ҳам айнан “Севинч”га тақдим этди.

О. Юнусов, ЎзА
3 914