ЎзА Ўзбек

06.08.2019 Чоп этиш версияси

Аёллар футболи: “Локомотив” дастлабки турда ғалаба қозонди

Аёллар футболи: “Локомотив” дастлабки турда ғалаба қозонди

“Бунёдкор” ва “Металлург” жамоалари ўртасидаги учрашувда эса кучлар тенг келди.

Кеча аёллар ўртасида мамлакат чемпионати олий лигасининг иккинчи босқич дастлабки тур доирасидаги иккита ўйини ўтказилди.

ТТЙМИ стадионида кечган “Локомотив” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги ўйин томошабоп бўлди. Футболчиларнинг ёши, тажриба ва маҳорати бобида деярли тенг кучли икки жамоанинг ўйинидаги натижалар ҳам бунга мисол бўла олади.

Loko-W-Paxta-W (2).jpg

Loko-W-Paxta-W (3).jpg

Учрашув бошида ташаббус “шерлар” томонида бўлгандек кўринди. Гарчи дарвозалар олдида у қадар хавфли вазиятлар кузатилмаган бўлса-да, майдон марказини эгаллашда, тўпни назорат қилишда ташаббус “Пахтакор” томонида бўлди. Лекин ҳисобни очиш мезбонларга насиб этди. Биринчи бўлим тугамасидан “шерлар” ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимда энди мезбонларнинг ҳам ўйини қовуша борди. Буни улар ҳисобда олдинга ўтиб олганидан ҳам билсак бўлади. Лекин “темирйўлчилар”нинг хурсандчилиги узоққа бормади – Дурдона Бахтиёрова жавоб тўпини киритиб қўйди. Учрашувнинг асосий вақти тугаган паллада майдон эгалари муҳим саналган ғалаба тўпини киритишга муваффақ бўлдилар.

Loko-W-Paxta-W (4).jpg

Loko-W-Paxta-W (5).jpg

Loko-W-Paxta-W (6).jpg

Иккинчи ўйинда кучли саккизликнинг чинакам кучли клублари майдонга тушишди ва бу ҳисобда ҳам ўз аксини топди. Чемпионлик учун кураш олиб боришга тенг имкониятли жамоаларнинг ўзаро баҳсида кучлар ҳам тенг келди. Мезбонлар Феруза Турдибоеванинг голи ҳисобига олдинга чиқиб олишганди, бироқ 61-дақиқада Дилдора Нозимова гол киритиб, жамоадошларини мағлубиятдан сақлаб қолди. 

2-босқич, 1-тур.
1-кунги ўйинлар натижаси:

“Локомотив” – “Пахтакор” – 3:2
Голлар: Ойсара Суюнова (27), Камола Бердиева (52), Жасмина Абдуғаниева (90) – Розиябону Асқарова (44), Дурдона Бахтиёрова (66).

“Бунёдкор” – “Металлург” – 1:1
Голлар: Феруза Турдибоева (29) – Дилдора Нозимова (61).

Бугун 1-турнинг иккинчи кунги ўйинлари бўлиб ўтади. Унда АГМК “Сўғдиёна”ни, “Қизилқум” эса “Севинч” клубини қабул қилади.

1 190
Ойбек ЮНУСОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА