ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: Қизларимиз халқаро турнирнинг финалида

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: Қизларимиз халқаро турнирнинг финалида

Муҳими, футболчиларимиз учта ўйинда битта ҳам тўп ўтказиб юборишмади

Қўшни Қирғизистоннинг Қоракўл шаҳрида ўтказилаётган “Умид кубоги-2019” халқаро мусобақасида қатнашаётган Баҳром Норсафаров устозлигидаги терма жамоамиз финал иштирокчисига айланди. 

Футболчи қизларимизнинг Тожикистон термасини йирик – 12:0, 
Непал давлати термасини 2:0 ҳисобида доғда қолдирганлиги ҳақида юзгандик. Термамиз гуруҳдаги сўнгги ўйинини майдон эгаларига қарши ўтказишди. Таркиби асосан 20 ёшлик қизлардан ташкил топган жамоа икки йилдирки айнан шу таркиб билан ҳаракат қилиб келмоқда. Табиийки, футболчиларнинг тажриба ва маҳорати анча тобланган. Шундай бўлсада¸ҳамюртларимиз ўзларининг нималарга қодир эканликларини исботлашди. Ваҳоланки, Баҳром Норсафаров бу ўйинга асосий таркибнинг етакчилари - Солиха Хуснуддинова, Танзиля Зарбиева, Рушания Сафина, Умида Зоирова, Лайло Тилалова, Людмила Карачик, Комилы Зариповага дам берганди. Шунга қарамай терма жамоамиз аъзолари мезбонларни аяб ўтиришмади – 9:0 ҳисобдаги йирик натижани қайд этишди. Тўпларга Диёрахон Хабибуллаева (27, 30, 37), Нилуфар Қудратова (34, 72), Ситора Тақабоева (52), Лианна Норбекова (59) ва Дилдора Нозимова (63, 76) муаллифлик қилишди. Мусобақанинг ҳал қилувчи финал ўйинини эртага Непал термасига қарши ўтказишади. 

Мусобақада қайд этилган натижалар:

8 сентябрь
Тожикистон – Ўзбекистон - 0:12
Қирғизистон–Непал-2:8

9 сентябрь
Ўзбекистон – Непал - 2:0
Тожикистон–Қирғизистон-2:1

10 сентябрь
Непал – Тожикистон - 1:0
Қирғизистон – Ўзбекистон - 0:9

12 сентябрь
3-ўрин учун: Тожикистон - Қирғизистон
Финал: Ўзбекистон – Непал.

3 194
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА