ЎзА Ўзбек

12.08.2018 22:14 Чоп этиш версияси

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: Иккинчи давра бошланди, “Севинч”да ҳануз мағлубият йўқ

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: Иккинчи давра бошланди, “Севинч”да ҳануз мағлубият йўқ

Аёллар футболи бўйича мамлакат чемпионатининг иккинчи даврасига ҳам старт берилди. Биринчи даврани бирорта ҳам мағлубиятсиз ўтказган Қаршининг “Севинч” жамоаси иккинчи даврани ҳам йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлади.

Владислав Хан шогирдлари пойтахтнинг “Локомотив” жамоаси дарвозасига жавобсиз бешта гол йўллашди. Худди шундай йирик ҳисобдаги натижа Наманганда ҳам қайд этилди. Фақат бу ерда Қаршидан фарқли ўлароқ меҳмонлар зафар қучишди. 

Чемпионликка даъвогарлардан бири “Металлург” клуби вакиллари “Навбаҳор” жамоаси билан бирга аёллар футболи бўйича Ўзбекистоннинг 19 ёшлилар терма жамоасига ҳам устозлик қилаётган Карима Йўлдошева шогирдларини аяб ўтиришмади – рақиблар дарвозасини тўрт бор нишонга олишди ва бир бора ўз дарвозаларидан гол ўтказиб юборишди. Бош соврин учун курашаётган учинчи жамоа – “Бунёдкор” қайд этган натижа эса турнинг рекорди ҳисобланди. Элмира Ғуломова бош мураббийлигидаги жамоа сафарда тўп суришларига қарамай, фарғоналиклар дарвозасига нақд еттита тўп йўллашди, ўз дарвозалари дахлсизлигини эса сақлаб қолишди. “Қизилқум” жамоаси ўз ҳисобидаги иккинчи, сафардаги эса биринчи ғалабасига “Бухоро” жамоаси устидан эришди. 

Турнинг қизиқарли учрашувларидан бири Ғузор шаҳрида кечди. Ўз майдонида Шерали Бобоқулов устозлигидаги “Сўғдиёна” жамоасини қабул қилган Одил Аҳмедов шогирдлари учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ ўз дарвозаларидан иккита гол ўтказиб юборишди. Кейинги дақиқаларда эса ҳисоб битта фарқи билан "қувлашмачоқ" тарзда кечди. “Шўртан” яқинлашаверди, “Сўғдиёна” эса узоқлашдан чарчамади. Якунда меҳмонларнинг қўли баланд келди. Лекин ўйиндан кейин мезбон жамоа раҳбарлари учрашув қайдномасига ўз эътирозларини ёзишди. Гап шундаки, “Сўғдиёна” таркибида олдинги ўйинда қизил карточка олган ўйинчи майдонга тушганлиги аниқланди. Энди бу бўйича ЎзПФЛнинг махсус йиғилиши бўлади ва якуний қарор эълон қилинади. Эътироз ўринли деб топилса, жиззахликларга техник мағлубият, ғузорликларга эса техник ғалаба ёзилади...

Иккинчи давра. 15-тур.

“БУХОРО” – “ҚИЗИЛҚУМ” – 0:2 
Голлар:Ф.Фармонова (14), Р.Мазитова (82).

“ПАХТАКОР” – “ҚЎҚОН-1912” – 2:1 
Голлар: М.Ғаффорова (58), Р.Асқарова (62) – Г.Юсупова (10).

АГМК – “АНДИЖАНКА” – 2:0 
Голлар: О.Тожибоева (85), К.Зарипова (90+4).

“ШЎРТАН” – “СЎҒДИЁНА” – 3:4 
Голлар: У.Тўхтаева (15), З.Жўраева (67), С.Рўзиева (81-пен.) – А.Бобоқулова (4, 5), А.Норова (57), Л.Ҳамидова (68).

“СЕВИНЧ” – “ЛОКОМОТИВ” – 5:0 
Голлар: Н.Қудратова (27, 35), М.Панжиева (20, 47), Г.Амирова (69).

“НАВБАҲОР” – “МЕТАЛЛУРГ” – 1:4 
Голлар: Ч.Деҳқонова (81) – Д.Нозимова (14, 68), Д.Ҳабибуллаева (39, 54).

“НЕФТЧИ” – “БУНЁДКОР” – 0:7 
Голлар: М.Сариқова (45, 56, 75), М.Косникова (62), Л.Садирова (67-пен., 77-пен.), У.Зоирова (79).
Айни пайтда турнир пешқадами “Севинч”да 40 очко бор. Иккинчи ва учинчи ўринларда бораётган “Бунёдкор” 39 очко, “Металлург” эса 34 очко тўплаган. Чемпионат аутсайдерлари “Қизилқум”да 7, “Қўқон-1912”да эса 3 очко мавжуд.

O. Юнусов, ЎзА
4 988