ЎзА Ўзбек

14.11.2019 Чоп этиш версияси

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: эртага чемпион номи маълум бўлади – “Бунёдкор” ёки “Севинч”

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: эртага чемпион номи маълум бўлади – “Бунёдкор” ёки “Севинч”

Эртага аёллар ўртасида мамлакат чемпионати олий лигасининг сўнгги тури ўтказилади. 14-тур доирасида “Металлург” – “Бунёдкор”, “Пахтакор” – “Локомотив”, “Сўғдиёна” – АГМК ва “Севинч” – “Қизилқум” жамоалари ўзаро куч синашишади. 

Айни пайтда турнир жадвалида “Бунёдкор” жамоаси 35 очко билан пешқадамлик қилмоқда. “Севинч” ҳисобидаги очколар сони эса 33тани ташкил этяпти. Шундан келиб чиқиб, барча масала “Бунёдкор”нинг ўз қўлида. Лекин бу осон бўлмайди. Сабаби, “Металлург” футболчилари совриндорлар сафида “жон сақлаб” қолиш учун борини бериши аниқ. Тўғри, бекободликларнинг бронза медалини қўлга киритиши биргина ўзларига боғлиқ эмас, “Сўғдиёна”нинг натижаси ҳам муҳим саналади. Сўнгги тур олдидан биринчи ва иккинчи ўринлар тақдири ҳал бўлмагани каби, учинчи ўрин масаласи ҳам ечилганича йўқ. Айни пайтда “Сўғдиёна” 26 очко билан учинчи ўринни эгаллаб турган бўлса, бекободликлар жиззахликлардан атиги бир очкога ортда қоляпти. Гап шундаки, ҳар иккаласи ҳам сўнгги тур ўйинини ўз майдонида ўтказади. Фарқи, жиззахликлар АГМКни қабул қилса, бекободликлар “Бунёдкор”га мезбонлик қилади. “Қалдирғочлар”га очко сув ва ҳаводек зарур, АГМКга эса умуман фарқи йўқ – ютса ҳам, ютқазса ҳам тепагаю пастга “қимирламайди”. Лекин жамоа бош мураббийи Илҳом Ханжариев анча принципли мутахассис, мухлислар, футболчилар ва албатта ўз шаъни учун курашишига шубҳа йўқ.

Мамлакатнинг кўпкарра чемпиони, бироқ ўтган мавсумда бош совринни “Бунёдкор”га ҳадя этган “Севинч” жамоасининг барча воқеаларни диққат билан кутишдан ўзга чораси йўқ. Ўзининг эса ўз майдонида “Қизилқум” жамоаси устидан устунлик қилишига ишонмаганлар деярли йўқ. Фақат чемпионлик ва ғолибликни одат қилган Владислав Хан Кубокни қўлдан чиқариб бўлди, чемпионлик масаласи эса ўзига боғлиқ эмас. Шундай экан эртага бир-биридан чиройли, муҳим ўйинларни кутиб қоламиз.

1 928
ЎзА