ЎзА Ўзбек

05.07.2020 Чоп этиш версияси

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: Биринчи турданоқ кимнинг имконияти қандай эканлиги аён бўлмоқда

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: Биринчи турданоқ кимнинг имконияти қандай эканлиги аён бўлмоқда

Кеча, мамлакатимизнинг олти шаҳрида аёллар ўртасида Олий лига баҳсларига старт берилди.

Аслида 2020 йилги мавсум ҳам айнан аёллар баҳслари билан бошланганди. Ёдингизда бўлса февраль ва март ойларида Тошкент ҳамда Жиззах шаҳарларида аёллар ўртасида футзал бўйича мамлакат чемпионати ва Кубок ўйинлари бўлиб ўтганди. Қиз ва аёлларнинг яшил майдондаги беллашувлари старти арафасида эса пандемия бошланди, бутун дунё каби юртимизда ҳам карантин вазияти юзага келди.

photo_2020-07-06_20-14-01.jpg

Ҳайриятки, июнь ойидан вазият юмшаб, спорт турлари орасида биринчи бўлиб айнан футбол билан шуғулланишга, ҳаттоки расмий мусобақаларни давом эттиришга рухсат берилди. Аёллар ўртасидаги рестердан кейинги дастлабки ўйин Суперкубок бўлди. 2019 йилги мамлакат чемпиони «Севинч» ва Кубок соҳиби «Бунёдкор» ўртасидаги олтинчи маротаба ўтказиладиган Суперкубок учрашуви иккала жамоа учун бетараф саналган Зомин шаҳрида ташкиллаштирилди. Айнан Зоминнинг танланиши бежиз эмас эди. Биринчидан, стадион халқаро талабларга жавоб бера оладиган даражада тубдан қайта таъмирланган, иккинчидан, Зомин тумани, қўйингки, Жиззах вилояти ҳокимияти учрашувни юқори савияда ташкил этиб бериш ташаббуси билан чиқишди. Мезбонларку ташкилотчиликни қойиллатишди – баҳсга Суперлига учрашуви каби муносабатда бўлишди, ҳеч нарсани кўздан четда қолдиришмади. 

photo_2020-07-06_20-14-03.jpg

Ўйин билан боғлиқ ташкилий ишларни эса ЎзПФЛ ортиғи билан дўндириб қўйди. Рости, Зоминга ташриф буюрган мутасаддию журналистлар яқин орада аёллар футболига бу каби юксак эътибор берилганлигини эслай олишмади. ОАВ воситалари ходимларининг Зоминга бориш-келиш транспорт масалалари, учрашувнинг тўлиқ «Спорт ТВ» каналида эфирга узатилганлиги, ғолиб жамоанинг ҳар бир аъзосига тақдим этилган совға-саломлар, майдон атрофига ўрнатилган махсус реклама баннерларининг ярмини аёллар футболини акс эттирувчи баннерлар ташкил этганлиги, бир сўз билан айтганда ЎзПФЛ бу тадбирни чин кўнгилдан, эсда қоладиган даражада ташкил этиб берди. Ўйинда эса таркиб борасида сезиларли устунлик қилган «Бунёдкор» жамоаси ғолиб чиқди. Аёллар футболини зимдан кузатадиганлар борки, шу куни «Бунёдкор» таркибида «Севинч»да камол топган, порлаган, кўплаб муваффақиятларни қўлга киритган қизлар тўп суришганлигига, пойтахтликлар таркибининг ярмидан кўпини собиқ «Севинч» вакиллари ташкил этганлигига гувоҳ бўлишди. Футбол шуниси билан қизиқда – қайси жамоа аъзоси бўлсанг шу жамоа шарафи учун курашасан...

photo_2020-07-06_20-14-05.jpg

Суперкубокдан тўрт кун ўтиб, мана, мамлакат чемпионатига ҳам старт берилди. Олти шаҳарда ўтказилган ўйинларнинг тўрттасида мезбонларнинг қўли баланд келди, икки учрашувда меҳмонлар зафар қучишди. Дастлабки турданоқ ўта йириклар қайд этилганлиги эса аёллар футболидан бехабар мухлисни ҳаяжонга солиши, ҳаттоки ранжитиши ҳам турган гап. «Севинч», «Сўғдиёна», АГМК жамоалари ўз майдонида рақибларини йирик ҳисобларда енгишди. Сабаби, мазкур жамоалар майдонга фақат ғалаба учун тушишни, кимидир бош соврин, кимидир совринлардан бири учун курашишни мақсад қилган. «Бухоро», «Сурхон», «Андижанка» эса кучли, тажрибали футболчилар эвазига таркибини кучайтириш имкониятига эга эмас, улар чемпионатда номигагина иштирок этса, имкон қадар аутсайдерлар қаторидан жой олмаса бўлгани.

«Металлург» ва «Навбаҳор» ўйини бироз жонли кечди. Раҳбарият таркибини биргина бош мураббий ташкил этган наманганликлар ҳарчанд уринишмасин барибир бекободликларга муносиб қаршилик кўрсатиша олишмади. Аксинча, майдон эгалари ўйиндаги дастлабки голни ўз дарвозаларига киритишиб, меҳмонлар учун яхшигина имконият яратиб беришганди, аммо «Навбаҳор» бундан фойдалана билмади.

photo_2020-07-06_20-14-06.jpg

Илк турда илк ўта йирик натижа Навоийда кузатилди. Суперлиганинг «Қизилқум» клуби қошида ташкил топган жамоа клуб раҳбарларининг эътиборидан четда қолаётганди. Яхшиямки ЎзПФЛ мутасаддилари клуб раҳбарларини «уйғотиб қўйди». Шундагина жамоа рестердан кейин энг охирги бўлиб машғулотларга киришди. Натижаси эса дарҳол кўзга ташланди – навоийликлар ўз майдонида таркиб бўйича бугуннинг энг кучли жамоаси «Бунёдкор»га ҳар бўлимда олтитадан гол ўтказиб юборишди. Бу учрашув шуниси билан эсда қоладиган бўлдики, ўйин назоратчиси нукуслик Исъҳақ Ибрагимов ҳакамликдан кейин назоратчи сифатида илк ўйинини ўтказди. Ҳали ўттиз ёшга кирмаган Исъҳақ назоартчилар ичида энг ёш назоратчи номига эга бўлди. Аслида Исъҳақ ҳакамликни бошлаганда ҳам энг ёш ҳакам бўлган, кейинроқ, олий лигадаги фаолиятини бошлаганда ҳам олий лиганинг энг ёш ҳаками сифатида тилга олинган. Мана энди энг ёш назоратчи ҳакам.

Турнинг энг кам голли ўйини «Локомотив» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасида қайд этилди. Қизиғи, «шерлар» томонидан киритилган ҳар иккала голга ҳам жамоанинг энг ёши каттаси Мария Моисеева муаллифлик қилди. 34 ёшли Мария шунингдек, чемпионатда тўп сураётган энг ёши катталарнинг учинчиси ҳисобланади. Биринчиси «Навбаҳор»да – Наргиза Абдурасулова 41 ёшда, иккинчиси «Бунёдкор»нинг ишончли дарвозабони Олга Қаҳҳорова 36 ёшда...

1-тур натижалари:

3 июль, жума

СЎҒДИЁНА-W – БУХОРО-W - 9:2

Ҳакамлар: Кристина Борисова, Александра Кончикова, Сардор Исматуллаев

Голлар: Зарина Маматкаримова (12), Азиза Норбоева (13, 61), Диёра Ҳабибуллаева (15, 33, 44, 75, 90+2), Албина Бобоқулова (72) - Фаричеҳра Абдувоҳидова (45), Азиза Норова (68).

Назоратчи - Шухрат Эгамбердиев

Комиссар - Акмал Раҳматов

СEВИНЧ – СУРХОН-W - 11:0

Ҳакамлар: Розиябону Юсупова, Хайринисо Эркинова, Шоҳруҳ Масқудов

Голлар: Шоира Қултўраева (16, 90+2)), Лайло Шодиева (29), Лайло Тиловова (40), Гулзода Амирова (44, 90+1), Мафтуна Шоимова (56, 60, 84), Нилуфар Қудратова (70), Мафтуна Панжиева (86).

Назоратчи - Шуҳрат Каримов

Комиссар - Дилдора Ҳолбоева

ҚИЗИЛҚУМ-W – БУНЁДКОР-W - 0:12

Ҳакамлар: Ҳуснора Жумаева, Суҳроб Сатторов, Элнур Дониёров

Голлар: Зебинисо Авлиёқулова (24-ўз дарв.) - Саида Галимова (14), Умида Зоирова (30), Людмила Карачик (33, 38, 70), Луиза Садирова (43-пен, 51-пен.), Нозимахон Эргашева (60), Гулчехра Эшмаматова (72), Полина Миханко (86), Марина Косникова (88)

Назоратчи - Исхах Ибрагимов

Комиссар - Ойбек Юнусов

ЛОКОМОТИВ-W – ПАХТАКОР-W - 0:2

Ҳакамлар: Санжар Назаров, Зиёвуддин Эркинов, Амир Галеев

Голлар: Мария Моисеева (36, 62)

Назоратчи - Рўзим Давлетмурадов

Комиссар - Азиза Татлимуратова

МEТАЛЛУРГ-W – НАВБАҲОР-W - 3:1

Ҳакамлар: Давронбек Акмалов, Сардор Миродилов, Адҳамжон Рихсибоев

Голлар: Рушания Сафина (15-ўз дарв.), Тожинисо Рашидова (43), Дилдора Нозимова (65), Сетора Такабоева (83)

Назоратчи - Вилоят Нажафалиев

Комиссар - Юлия Панина

АГМК-W – АНДИЖАНКА - 4:0

Ҳакамлар: Эдита Миробидова, Кристина Середа, Зилола Раҳматова

Голлар: Мардона Алматова (17, 25), Ораста Холбоева (65), Лейла Рустуллаева (85)

Назоратчи - Равил Шаяхмитов

Комиссар - Нигора Абидова.

3 726
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА