ЎзА Ўзбек

16.04.2019 09:53 Чоп этиш версияси

Аёллар футболи: 1-тур ниҳоясига етди, “Севинч” пешқадам

Аёллар футболи: 1-тур ниҳоясига етди, “Севинч” пешқадам

Кеча аёллар футболи бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 1-тур ўйинлари якунланди.

Хабарингиз бор, 25-бор ўтказилаётган аёллар ўртасидаги мамлакат чемпионатига 10 апрель куни старт берилган, Суперкубок учрашуви туфайли иккита ўйин муддати 15 апрелга белгиланганди. 

Кеча мазкур учрашувлар бўлиб ўтди.

Пойтахтда “Бунёдкор” жамоаси Бекободнинг “Металлург” клуби қизларини қабул қилди. 

Тошкентликларнинг бешта голига меҳмонлар иккита тўп билан жавоб қайтарди холос. 

“Қалдирғочлар”нинг бешта тўпидан учтаси жамоа ҳужумчиси Людмила Карачик ҳисобига ёзилди.

photo5305710041942305422.jpg

Термизда эса “Сурхон” қизлари мамлакатнинг кўпкарра чемпиони Қаршининг “Севинч” жамоасини қабул қилди. Мазкур ўйинда меҳмонлар фойдасига йирик ҳисоб қайд этилиши кутилаётганди. 

Сабаби, “Севинч”га ортиқча таърифнинг ҳожати йўқ, “Сурхон” эса вилоят бош жамоасининг Суперлигага йўлланма олиши баробарида янги ташкил этилган, табиийки, футболчи қизларида ҳали тажриба ҳам, маҳорат ҳам етишмас эди. Шунга қарамай мезбонлар майдонда борини бериб тўп тепишди. Қаршиликлар томонидан киритилган бешта тўпнинг иккитасига эса Малика Бурхонова муаллифлик қилди.

Шу тариқа 1-тур якунига кўра еттита учрашувнинг иккитасида дуранг қайд этилди, иккитасида мезбонлар ғалаба қозонган бўлса, учта ўйинда меҳмонларнинг қўли баланд келди. Тўплар нисбатига кўра “Севинч” жамоаси карвонбоши бўлиб турибди. 2-ўринда “Бунёдкор”, 3-поғонада эса “Шўртан” жамоалари бормоқда.

Ойбек Юнусов, ЎзА
2 151