Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.10.2017 12:37 Чоп этиш версияси

“Авлодлар беллашуви” шахмат мусобақасининг мутлақ ғолиблари аниқланди

“Нуроний” жамғармаси Жиззах вилояти бўлими томонидан кексалар ва ёшлар ўртасида ўтказилган шахмат мусобақаси шундай номланди.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқилган тадбирлар режаси Жиззах вилоятида ҳам изчил амалга оширилаётир.

“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг Жиззах шаҳридаги “Хотира” хиёбони ҳудудида жойлашган маъмурий биноси ўтган йили қайта қурилиб, “Нуронийлар маскани” мажмуаси барпо этилиши бу ерда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун кенг имкониятлар яратди.

Мусобақада 25 меҳнат фахрийси ҳамда мактаб ва касб-ҳунар коллежларининг 19 нафар ўқувчиси иштирок этди.

– Ёшлар тарбиясида кекса авлод вакиллари фаол иштирок этмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Н.Нушаров. – Нуронийлар билан ёшлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган ушбу тадбир ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Мусобақага фақат иштирокчилар эмас, барча қизиқувчилар келгани спортнинг шахмат турини оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мусобақа низомига кўра, баҳслар дастлаб кексалар ва ёшлар ўртасида алоҳида-алоҳида ўтказилиб, совриндорлар аниқланди. Шундан сўнг ҳар икки гуруҳ ғолиблари ўртасида “Авлодлар беллашуви” мусобақасининг мутлақ ғолиблари аниқланди.

Кексалар ўртасида Жиззах шаҳри жамоаси ғолиб бўлди. Шавкат Аҳмаджонов биринчи, Абдурашид Адиқулов иккинчи, Турсунбой Жамолов эса учинчи ўринни эгаллади.

Ёшлар ўртасидаги баҳсда Фориш туманидан Муҳаммад Жиянов биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Пахтакор тумани вакили Равшан Қўлдошев, янгиободлик Нодир Зарифжонов қўлга киритди.

Ғолиблар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
2 831






Все о погоде - Pogoda.uz