ЎзА Ўзбек

28.01.2019 12:58 Чоп этиш версияси

ATP рейтинги: кутилганидек Истомин пастлади, Федерер ҳам...

ATP рейтинги: кутилганидек Истомин пастлади, Федерер ҳам...

Одатга кўра ҳар ҳафта аввалида теннис бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида янги рейтинг ўринлари эълон қилинади. Бугун ҳам шундай бўлди.

“Катта дубулға” туркумига кирувчи Австралия очиқ чемпионати бугун эълон қилинган рейтингга сезиларли таъсирини кўрсатди. Рўйхатни ҳамон сербиялик Новак Жокович бошқариб бормоқда. Бироқ энди у энг яқин таъқибчиси Рафаэль Надални 2 635 очкога ортда қолдиряпти. Эндиликда серб теннисчиси ҳисобида 10 955 очко бор. Надаль эса 8 320 очкога эга. Кучли учликни 6 475 очко билан германиялик Александр Зверев якунлаб беради.

Швейцариялик Рожер Федерер эса Австралия очиқ чемпионатидаги унвонини муносиб ҳимоя қила олмагани боис рейтингда бир варакайига уч поғонага пастлади ва ҳозирда 6-ўринда қайд этилган.

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин ҳам Мельбурн кортларида биринчи босқичдаёқ курашдан чиқиб кетгани боис аввалги ўрнига нисбатан тўртта поғонага пастлади ва эндиликда 105-ўринни эгаллаб турибди.

Куни кеча Россиянинг Қозон шаҳрида якунланган ITF турнирида бош мукофотни қўлга киритган Санжар Файзиев келаси ҳафта эълон қилинадиган рейтингда ўз ўрнини анча яхшилаб олиши кутилмоқда. Боиси, теннис қоидаларига кўра, ITF турнирларидаги рейтинг баллари бир ҳафта кейин қўшилади. Айни пайтда Санжар 593-ўринда қайд этилган.

ATP рейтингидаги ўзбекистонлик теннисчиларнинг эгаллаб турган ўринлари:

105 (101). Денис Истомин – 542
387 (387). Ҳумоюн Султонов – 41
533Т (533). Фаррух Дўстов – 8
581 (576). Сергей Фомин – 5
593Т (587). Санжар Файзиев – 4

Отабек Эшмаматов, ЎзА​​
3 816