Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.04.2017 14:48 Чоп этиш версияси

Атлетларимиз ўсмирлар Олимпиадасида қатнашади

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида мамлакатимиз ёш атлетлари ҳам муносиб иштирок этди.

Нуфузли мусобақада дунёнинг 50 дан зиёд давлатидан 400 дан ортиқ спортчи совринли ўринлар билан бирга 2018 йили Аргентинада бўлиб ўтадиган III ўсмирлар Олимпиадасига лицензияларни қўлга киритиш учун баҳслашди. Мусобақа регламентига кўра, жаҳон чемпионатида 1-7 ўринни эгаллаган терма жамоалар 2 та лицензияга, 8-17 ўринни банд этган терма жамоалар эса 1 та лицензияга эга бўлади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасидан маълум қилишича, максимал тўртта лицензия берилиши лозим бўлган мусобақада оғир атлетикачиларимиз учтасини қўлга киритди.

Жаҳон чемпионатининг қизлар ўртасидаги баҳсларида ўз вазн тоифасида Кумушхон Файзуллаева кумуш ва бронза, Гулноза Аҳмадова битта бронза ва иккита кумуш медалга сазовор бўлгани ҳақида аввал хабар бергандик.

Чемпионатда қатнашган қизларимизнинг қайд этган натижалари терма жамоамизнинг муҳим очколарни қўлга киритишини таъминлади. Натижада учинчи ўринни эгаллаган қизларимиз ўсмирлар Олимпиадасининг иккита лицензиясига эга бўлди.

Мусобақанинг ўғил болалар ўртасидаги вазни 94 килограммгача бўлган атлетлар баҳсида иштирок этган Саидмухтор Саидаҳроров ва Александр Ли совриндорлар қаторидан ўрин олди. Саидмухтор штангани силтаб кўтаришда 175 килограмм натижа билан шоҳсупанинг иккинчи поғонасини эгаллади. Александр эса штангани даст кўтаришда 138, силтаб кўтаришда 173, иккикураш якунига кўра 311 килограмм натижа қайд этиб, учта бронза медални қўлга киритди.

Ўсмирларимиз умумжамоа ҳисобида саккизинчи ўринни эгаллаб, Олимпия ўйинларининг битта лицензиясини қўлга киритди.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
2 746






Все о погоде - Pogoda.uz