ЎзА Ўзбек

04.10.2019 Чоп этиш версияси

Атлетларимиз бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг бўйича Осиё чемпионатида ажойиб натижа қайд этди

Атлетларимиз бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг бўйича Осиё чемпионатида ажойиб натижа қайд этди

Шу йил 26 сентябрдан 4 октябрга қадар Индонезиянинг Батам шаҳрида бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг бўйича навбатдаги Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда қитъамизнинг 38 та давлатидан 250 нафарга яқин атлет ғолиблик учун баҳс олиб боришди.

Ушбу мусобақада Хитой, Жанубий Корея, Япония, Индонезия, Филиппин, Малайзия, Хитой Тайпейи, Ҳиндистон, Покистон, Таиланд, Сингапур, Шри-Ланка сингари Осиёнинг етакчи давлатларидан келган спортчилар медаллар учун курашга киришди.

Осиё чемпионатининг якуний натижаларига кўра Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учта олтин, битта кумуш ва учта бронза, жами 7та медалга сазовор бўлди. Жумладан, эркаклар ўртасида Достон Ҳасанов атлет йўналишида олтин, Павел Умурзаков эса бодибилдинг йўналишида кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.

Аёлларимизнинг натижалари эса янада салмоқли бўлди. Чунончи, терма жамоамиз аъзоси Рушана Максумова катталар ўртасида фитнес модель йўналишида олтин ҳамда 30-40 ёшли қатнашчилар орасида леди фитнес модель йўналишида бронза медали билан тақдирланган бўлса, яна бир вакиламиз Анжелина Осипиян эса фитнес модель йўналишида катталар ўртасида бронза, ёшлар ўртасида эса олтин медалга сазовор бўлди.

Норасмий умумжамоа ҳисобида вакилларимиз бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг йўналишида 38 та давлат орасида фахрли 3-ўринни эгаллади. Бу борада Таиланд энг яхши натижа кўрсатган бўлса, иккинчи поғонадан мўғулистонлик атлетлар жой олишди.

Ҳозиргина Ўзбекистон спорт делегацияси Куала-Лумпур – Тошкент йўналиши бўйлаб юртимизга етиб келди ва Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Мазкур Осиё чемпионатида жами 9 нафар атлетимиз Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишган бўлса, шулардан тўрттаси якунда совриндорга айланишди.

Тошкент халқаро аэропортида атлетларимизни Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, Ўзбекистон бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг федерацияси раиси Одил Абдураҳмонов, вазирлик ҳамда федерация ходимлари, шунингдек спортчиларнинг оила аъзолари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари тантанали кутиб олишди.

Достон Ҳасанов (Осиё чемпиони) – Албатта, қитъа чемпионатида ғалаба қозонишнинг ўзи бўлмади. Аммо, машғулотлардаги машаққатли меҳнатларимиз бесамар кетмади, юртимизга ёруғ юз билан қайтдик. Муваффақиятларимиз замирида Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳукуматимиз даражасида берилаётган эътибор ётибди, десам асло муболаға бўлмайди. Фурсатдан фойдаланиб, камтарона меҳнатларимизни юксак даражада қадрлаб, тантанали тарзда кутиб олишгани учун вазирлик ҳамда федерация раҳбариятига миннатдорлик билдираман.

18.JPG

25.JPG

27.JPG

4 102
О.ЭШМАМАТОВ, О.ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА