Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.08.2018 09:40 Чоп этиш версияси

Ассалом, XVIII Осиё ўйинлари

Ассалом, XVIII Осиё ўйинлари

Индонезия пойтахти Жакарта ҳамда Суматра оролидаги йирик шаҳарлардан бири Палембанг мезбонлик қиладиган XVIII Осиё ўйинларига қизиқиш бу сафар ҳар қачонгидан кучли, десак муболаға бўлмайди. Боиси, бу сафарги беллашувлар 2020 йили Япониянинг Токио шаҳрида ташкил этиладиган навбатдаги Олимпия ўйинлари олдидан қитъамиз спортчилари учун ўзига хос кўрик вазифасини ўтаб беради. 

43690_680.jpg

Қолаверса, кунчиқар юрт мезбонлик қиладиган мусобақада Осиё қитъаси вакиллари муносиб иштирок этишга ҳаракат қилишади, зеро спортда “ўз уйингда деворлар ҳам суяйди”, деган ибора бор. Япония эса Осиё вакили ва бу қайсидир маънода қитъамиз давлатларига устунлик беради.

43713_680.jpg

Аслида XVIII Осиё ўйинлари Вьетнамнинг Ханой шаҳрида ўтказилиши керак эди. Бироқ, Вьетнам ҳукумати молиявий қийинчиликлар сабаб мусобақани қабул қилолмаслигини билдиргач, Осиё Олимпия кенгаши беллашувларга мезбон сифатида Индонезияни танлади. Ўз навбатида, Индонезия ҳукумати ташкилий жиҳатларни юксак даражага олиб чиққан ҳолда Осиё Олимпия кенгаши Ханой ўрнига номзод танлашда адашмаганлигини исботлашга бел боғлаган.

Бу сафарги ўйинларда 45 мамлакатдан жами 9 704 нафар атлет 42 та спорт тури бўйича 476 та медаллар шодаси учун баҳсларга киришади. Қувонарлиси, миллий спортимиз кураш ҳам ушбу мусобақа дастурига киритилган. Демак, Осиё қитъаси атлетлари кураш гиламларида ўзаро беллашади.

Спорт иншоотлари

XVIII Осиё ўйинлари учун бир қатор спорт иншоотлари қурилди, капитал таъмирдан чиқарилди ва мусобақага тайёрланди. Мусобақалар бўладиган асосий спорт иншоотлари эса мамлакат пойтахти Жакарта шаҳрида жойлашган. Бундан ташқари Палембанг шаҳрида ҳам қатор спорт иншоотлари жойлашган. Шу билан бирга Шимолий Ява ҳамда Бантене оролларидаги 15та арена ҳамда машғулотлар учун мўлжалланган спорт иншоотлари бу ҳудудларни ҳам Осиё ўйинлари билан қамраб олиш имконини беради.

Асосий мусобақалар бўлиб ўтадиган "Gelora Bung Karno" стадиони Жакартада жойлашган. Қайта таъмирлашдан сўнг унинг сиғими 76 127 ўриндиқни ташкил этмоқда. Ҳолбуки, илгари бу маҳобатли стадион жами 88 минг томошабинни ўз бағрига сиғдирарди. Ушбу мажмуада 13та спорт туридан мусобақалар ўтказилади. Жакартанинг шарқий қисми, яъни Равамангун мавзесида эса қиймати 40 миллион АҚШ долларини ташкил этган велодром барпо қилинди. Бу ерда велопойгадан ташқари бадминтон, футзал, баскетбол и кураш мусобақаларини ўтказиш мумкин. Қолаверса, Жакартада муҳташам от спорти мажмуаси ҳам барпо этилди. Умумий майдони 35 гектарни ташкил этган ушбу мажмуадан 1 000 нафар томошабин учун мўлжалланган трибуна, 100 та отхона, спортчилар учун меҳмонхона, йилқиларга мўлжалланган шифохона, машғулот ўтказиш ҳамда отларни сақлаш жойлари ўрин олган.

Чипталар нархи

Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси раиси, индонезиялик таниқли бизнесмен Эрик Тохирнинг айтишича, ташкилотчилар чипталарни сотиш борасида машҳур KiosTix компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Мусобақалар учун жами 1,3 миллион чипталар сотувга чиқарилган. Энг арзон чиптанинг нархи 30 000 Индонезия рупийси қийматида бўлиб, бу тахминан 2 АҚШ долларига тенгдир. Ўртача чипта нархи эса 100 000 рупий, яъни 7 АҚШ долларини ташкил этади. Айни пайтда чипталар супермаркетлар, магазинлар, банкларда онлайн тизимда сотилмоқда. Чипталар сотуви 30 июндан бошланган.

Хавфсизлик масаласи

XVIII Осиё ўйинлари вақтида тахминан 36 000 нафар хавфсизлик хизмати ходимлари фаолият олиб боришади. Бундан хулоса қилиш мумкинки, томошабин ва спортчилар ўз хавфсизлиги борасида ташвишланмаса ҳам бўлади.

Ўзбекистон делегацияси

Индонезиядаги Осиё ўйинларида ватанимиз спорт делегацияси таркибидан жами 331 нафар спортчи ўрин олган бўлиб, улар 32 та спорт турида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишади. Ҳамюртларимиз сўнгги вақтларда бокс, эркин ва юнон-рум кураши, самбо, оғир атлетика, қиличбозлик, теннис, каратэ, таэквондо ВТФ каби ўнлаб турларда қитъада етакчилик қилишаётганлигини инобатга олсак, бу сафарги беллашувларда натижаларимиз ҳар қачонгидан яхши бўлишига умид бор. Бу йўлда вакилларимизга омад тилаймиз.

Отабек Эшмаматов

ЎзА
6 751