ЎзА Ўзбек

14.08.2018 12:22 Чоп этиш версияси

“АрМИ-2018”: Ўзбекистонлик қўшин разведкачилари учинчи ўринни эгаллади

“АрМИ-2018”: Ўзбекистонлик қўшин разведкачилари учинчи ўринни эгаллади

Халқаро армия ўйинлари доирасида Россия Федерациясининг Новосибирск олий ҳарбий қўмондонлик билим юрти дала ўқув майдони базасида “Қўшин разведкаси аълочилари” мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақада Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон, Ўзбекистон, Хитой, Зимбабве ва Судан давлатларининг қўшин разведкачилари жамоалари ўзаро беллашди. Филиппин ва Ҳиндистон вакиллари эса кузатувчи сифатида иштирок этди.

Танлов бешта – “Десант бўлиб тушиш ва марш-бросокни амалга ошириш”, “Механик-ҳайдовчилар мусобақаси”, “Разведкачи сўқмоғи”нинг комплекс тўсиқларини енгиб ўтиш”, “Ўқ отиш” ва “Разведка бўлинмасининг вазифани бажаргандан сўнг йиғин пунктига чиқиши” босқичларида ўтказилди.

Биринчи ўрин россиялик разведкачиларга насиб этган бўлса, иккинчи ўринни Хитой вакиллари эгаллади, ўзбекистонлик қўшин разведкачилари учинчи ўринга лойиқ, деб топилди.

– Мусобақанинг барча босқичларида яхши натижаларга эришган ҳолда жамоамиз мусобақа совриндорлари сафидан ўрин олиш учун астойдил кураш олиб борди ва кўзлаган мақсадларига эришди. Ушбу кўрсаткичларга ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллиги, билим ва кўникмаларининг юксак даражада эканлиги, жамоадаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва жипслик, ғалаба қозонишга бўлган иштиёқ туфайли эришилди, – дейди ўзбекистонлик разведкачилар жамоаси раҳбари полковник Шуҳрат Икрамов.

Ташкилотчилар томонидан ғолиб жамоаларга тегишли диплом, медаль, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Мусобақа иштирокчилари Мудофаа вазирлигининг бир гуруҳ вакиллари иштирокида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.

М.Тошқораева,ЎзА
4 863